Маълумки, жорий йил январь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Хитой фуқаролик авиацияси бошқармаси ўртасида “Ҳаво ипак йўли”ни биргаликда барпо этиш тўғрисида келишув имзоланган эди.
Вазирлик хабар беришича, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси доирасида Хитойнинг Сиань шаҳрида “C5+1 Хитой –Марказий Осиё фуқаро авиацияси” конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон давлатлари авиация идоралари ва корхоналари вакиллари, Хитой томонидан Фуқаро авиацияси маъмурияти, CОМАC фуқаро авиацияси ҳаво кемалари ишлаб чиқариш корхонаси, қатор авиакомпаниялар ҳамда Хитой аэропортларини бошқарувчи давлат ташкилотлари мутахассислари қатнашди.
Ўзбекистон томонидан конференцияда Транспорт вазирлиги Ҳаво транспорти бошқармаси ҳамда Фуқаро авиацияси агентлиги раҳбарияти, ходимлари қатнашди.
Тадбир давомида делегациямиз томонидан Ўзбекистонда фуқаро авиацияси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, Хитой ҳамда қўшни мамлакатлар билан алоқани янада яхшилашга қаратилган келгуси режалар тўғрисида маълумот берилди.
Анжумандан кўзланган асосий мақсад тарихий Буюк ипак йўли асосида ҳаво ипак йўлини барпо этиш, иқтисодий ҳамкорлик, ҳавода ташув бозорини либераллаштириш, ҳаво қатнови орқали мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодиётни янада ривожлантириш, йўловчи ва юк оқими, товар ва хом ашё айланмасини тезлаштириш, авиа ташув бўйича ягона тизим яратишдан иборат.
Якунда томонлар “С5+1 Хитой – Марказий Осиё фуқаро авиацияси” конференцияни ҳар йили 1 мартда навбати билан ҳамкорликка аъзо мамлакатларда ўтказиш орқали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Ш.Маматуропова,
ЎзА