Ички ишлар ходими бўлишнинг масъулияти катта. Жамиятда тинчлик ва осойишталикни, ҳудудлар хавфсизлигини таъминлашда соҳа ходимларидан юқори ақлий салоҳият, жисмонан соғлом, ҳалол ва адолатли бўлишни талаб этади. Шунча инсоний ҳислатларга эга бўлган, дилдан Ватанга хизмат қиламан деган йигит-қизни топиш, уларни аввал ҳарбий лицей, сўнгра Ички ишлар вазирлиги академиясида ўқитиш тўлиқ давлат зиммасида. Зеро, жамият фаровонлиги, юрт тинчлиги учун бу борада етарлича маблағ йўналтирилади.
Бунинг ёрқин мисолини Ички ишлар вазирлиги акадамиясида кўришимиз мумкин. Ушбу даргоҳ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси саналади.
Ҳозирда кундузги таълим бакалавриатида 9 та ихтисослик йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, ички ишлар органлари учун бошқарув кадрларини тайёрлаш мақсадида магистратура фаолияти ҳамда таълимнинг сиртқи шакли ҳам йўлга қўйилган.
Жумладан, кундузги таълим бакалавриатида “тезкор-қидирув”, “тергов”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси”, “эксперт-криминалистика”, “жазони ижро этиш”, “хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”, “ташкилий-штаб”, “пробация” ҳамда “ахборот хавфсизлиги” ихтисослик йўналишларида малакали кадрлар тайёрланмоқда.
Таълим жараёни кадрларни мақсадли касбий тайёрлашга қаратилиб, биринчи курсдан бошлаб мутахассислик ва юридик фанларни ўқитиш, жанговар ва жисмоний жиҳатдан тайёрлаш чуқурлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида модулли ўқитиш тизими жорий қилинган бўлиб, таълимнинг 60 фоизи назарий, қолган 40 фоизи амалий машғулотларга йўналтирилган.
Бундан ташқари, таълим самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор мутлақо янги механизмлар, жумладан, ҳудудий ички ишлар органлари соҳавий хизматлари раҳбарлари иштирокида онлайн машғулотлар ўтказилади.
Илмий-тадқиқот мавзулари ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жазони ижро этиш фаолиятидаги энг долзарб масалалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига йўналтирилган. Шунингдек, илм-фан ютуқларини таълим жараёнига татбиқ этишнинг янги механизми йўлга қўйилган.
Мазкур йўналишда сўнгги 3 йилда амалга оширилган изчил чора-тадбирлар натижасида илмий салоҳият кўрсаткичи 26 фоиздан 67 фоизга етказилди.
Таълим масканида ҳозирда 52 нафар фан доктори, 121 нафар фалсафа доктори ва фан номзоди, 46 нафар профессор ҳамда 81 нафар доцент фаолият юритмоқда.
Замонавий таълимда хориж тажрибасининг илғор ёндашувларини амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, халқаро ҳамкорлик алоқаларини самарали йўлга қўйиш Академияни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан бири саналади.
Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги академияси 9 та халқаро ташкилот ҳамда 29 та хорижий турдош олий таълим муассасаси билан кўп қиррали ҳамкорлик доирасида ўзаро тажриба алмашиб келмоқда.
Сўнгги уч йилда Академияда хорижий мутахассислар томонидан долзарб мавзуларга бағишланган 350 дан ортиқ мастер-класс машғулоти ўтказилиб, 100 дан зиёд профессор-ўқитувчилар Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларда малака оширди.
Академияда шахсий таркибнинг умумий дунёқараши, интеллектуал салоҳияти ва касбий фазилатларини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, мардлик, бурчга садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш, буюк аждодларимиздан фахрланиш ҳиссини мустаҳкамлаш мақсадида маънавий-маърифий, бадиий-эстетик тарбия ва спорт йўналишлари бўйича 27 та тўгарак фаолият юритмоқда.
Ёшлар билан мақсадли ишлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар натижасида курсантлар нуфузли танлов ҳамда спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб келишмоқда.
Сўнгги уч йилда Академия курсантлари Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон миқёсидаги мусобақаларда 56 олтин, 30 та кумуш, 40 та бронза медалларига сазовор бўлишди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ўртасида ўтказилган спорт тадбирларида 73 та медаль қўлга киритилди.
Бундан ташқари, таълим самарадорлигини ошириш, курсантларнинг замонавий билимларни пухта эгаллашга бўлган иштиёқини кучайтириш, етук билим ва салоҳиятли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ички ишлар вазири стипендияси, Жалолиддин Мангуберди номидаги стипендия, Чўлпон номидаги стипендия, “Иқтидорли курсант” ҳамда “Академия аълочиси” кўкрак нишонлари таъсис этилган.
Мухтасар айтганда, Ички ишлар вазирлиги академияси илғор миллий ва хорижий тажрибаларни ўзида мужассам этган, мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини етук малакали профессионал кадрлар билан таъминлаб келаётган, замонавий инфратузилма ва салоҳиятга эга таълим муассасаси сифатида тобора юксалиб, жаҳонга юз тутиб бормоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/CzXT2CT5NWQ?si=MHUzlmMU0J_fBf14" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев(видео), ЎзА