Тошкентда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш, кўп қаватли уй-жойлар, саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши, оғир транспорт воситаларининг ишлаши ва автотранспорт воситаларининг кўпайиши атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи антропоген манбалардир.

Хўш, Тошкент шаҳридаги атмосфера халқаро экспертлар томонидан қандай баҳоланмоқда? Ҳаво ифлосланишининг олдини олиш борасида қандай тавсия ва ечимлар бор?  

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш сиёсати бўлими бошлиғи Баҳром Холхўжаев билан суҳбатимизда шу каби саволларга жавоб изладик.    

–2023-2024 йиллар давомида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, халқаро экологик ташкилотлар ҳамда   Жаҳон банки экспертлари томонидан Тошкент шаҳридаги атмосфера ифлосланиши бўйича ҳолат ўрганилиб, мавжуд салбий ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари, қурғоқчилик, энергетика тизими билан боғлиқ жиҳатларнинг таъсири, яшилликнинг камайиши каби масалаларда илмий ва амалий жиҳатдан хулосалар, тавсиялар  тақдим этилган.  

Дастлабки хулосага асосан, пойтахт ҳавосининг ифлосланишига Тошкентда яшил ҳудудларнинг кескин  камайиши, дарахтлар ва буталарнинг ноқонуний кесилиши, шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, қурилиш ишларининг бетартиб амалга оширилиши каби омиллар таъсир кўрсатиши айтиб ўтилган. Шунингдек, қурғоқчилик, чўлланиш ва ташқи таъсир сабабли табиий чангланиш ҳосил бўлган. Кўчаларда тирбандлик, магистрал йўллар ва майсазорларга кенг кўламда сув сепилмаслиги, шаҳардаги атмосфера бўшлиғининг паст шамоллатилиши ҳавонинг юқори даражада бузилишига олиб келади.  

Нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёнинг аксарият давлатларида ҳаво ифлосланишига сабаб бўладиган асосий манба куз-қиш мавсумида энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия манбаларидан эмас, кўмир, мазут каби зарарли ёқилғи турларидан фойдаланишдир. 

– Мутахассислар томонидан мавжуд муаммолар ечими сифатида қандай таклифлар илгари сурилган?  

– Экология соҳасини ривожлантириш, автоматлаштирилган мониторинг станцияларини  кўпайтириш  ҳар қачонгидан долзарб. Албатта соҳага хорижий инвестициялар жалб қилиниши керак. Давлат божлари, имтиёзли божлар бўйича тадбиркорларга янада кенгроқ имкониятлар берилиши лозим. Шу билан бирга, саноат корхоналари кам чиқимли соҳага айлантирилиши, яшил иқтисодиёт тамойиллари жорий этилиши мақсадга мувофиқ. Электр истеъмоли юқори бўлган қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви таъминоти корхоналарида “яшил энергия” қувватларини кўпайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарур. Бу борада мутасаддилар энг аввало мониторинг тизимини ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш каби таклифларни билдирган.  

Атмосфера ифлосланишини камайтириш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида кредит маблағлари жалб этилиши кўзда тутилган. Аммо бу борада ҳали якуний хулосага келинмаган.  

Жорий йилда 6 та туманда “агровольтаика” усулида пилот лойиҳаларни бошлаш режалаштирилган. Умуман, халқаро экспертлар жалб қилинган ҳолда энергия сарфи юқори бўлган соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси илгари сурилган.  

Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, Тошкент шаҳрининг “Бош режаси” ишлаб чиқилиши  керак. Ҳозир тегишли ташкилотлар томонидан бу борада амалий ҳаракатлар бошлаб юборилган. 2045 йилгача бўлган Бош режа лойиҳаси тақдим этилган. Мазкур режага мувофиқ, Янги Тошкент “ақлли” ва “боғ шаҳар” бўлиши назарда тутилмоқда. Айнан шу режа тасдиқланса, Тошкентнинг 20 йиллик ривожлантириш дастури маълум бўлади. Ҳаво бўйича стратегиялар ва уларни сифатини яхшилаш бўйича мақсадлар ҳам аниқ бўлади.  

– Тошкент шаҳри “Бош режаси”нинг ҳамон тасдиқланмагани экологик муаммоларни бартараф этишга халал бериши мумкинми?  

– Албатта, қайси соҳага кўпроқ инвестиция жалб қилиш зарурлиги ноаниқлигича туради. Шунингдек, айнан экология назорати бўйича масъуллар қайси ҳудудда яшиллик даражаси кўплиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиши керак. Мисол учун, пойтахтнинг Юнусобод, Яшнобод туманларида ҳамда Ботаника боғи атрофларида яшиллик маълум даражада етарли. Аммо Сергели, Янгиҳаёт туманларида саноат зоналари ривожланган.  

Мазкур ҳудудларда сўнгги йилларда 5 мингга яқин ижтимоий объектнинг  барпо этилиши яшилликнинг пасайиб кетишига таъсир кўрсатгани сир эмас. “Бош режа”нинг тасдиқланиши аввало жумбоқлигича турган саволларга ечим бўлади. Бу борада халқаро ҳамкорлар томонидан ҳам эътирозлар  билдирилган. Шаҳар “Бош режаси” тасдиқланиши мамлакатда ҳаво ифлосланишининг олдини олиш сиёсати ва амалиётини такомиллаштиришга ҳам туртки бўлади. 

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди,  

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳри атмосфераси халқаро экспертлар томонидан қандай баҳоланмоқда?