Япония Қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик вазирлиги Экспорт ва халқаро алоқалар бюроси бош директори Масаёши Мизуно бошчилигидаги бизнес вакилларидан иборат делегация Бухоро вилоятида бўлди.
Меҳмонлар дастлаб Когон туманидаги ҳунарманд, миниатюрачи рассом Даврон Тошовнинг миниатюра ва табиий Бухоро қоғози ишлаб чиқариш мактаби фаолияти билан танишди. Табиий усулда қўлда қоғоз ишлаб чиқариш ва рассомчиликнинг миниатюра санъати тури ҳамда ўзбек ҳунармандчилигининг кўп қиррали йўналишлари уларни қизиқтирди.
Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаров ва “Бухоро-агро” ЭИЗ дирекцияси директори Фурқат Тиллоев билан учрашувда вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасининг истиқболли йўналишлари, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, чет эл инвесторлари ва маҳаллий тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди..
Учрашувдан сўнг меҳмонлар “Бухоро-агро” ЭИЗ ҳудудидаги Туркия давлати билан ҳамкорликда ташкил этилган “BUKHARA VARNET” МЧЖ хорижий корхонасининг кўп тармоқли иссиқхона кластерига ташриф буюрди.
Кластерда ташкил қилинган “Агрономлар ўқитиш мактаби”, инвитро (ҳужайрадан ниҳол кўчатлари етиштириш) лабораторияси, ботаника боғи ва тажриба майдонларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда иссиқхона қурилиши конструкциялари билан танишилди.
[gallery-17954]
Меҳмонлар Бухоро давлат университетида Агрономия ва биотехнология факультети профессор-ўқитувчилари билан мулоқот қилди. Университетда қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, мева-сабзавотчилик йўналишларида олиб борилаётган илмий изланишлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, университетда ташкил этилган илмий-назарий кўргазма меҳмонларларга катта қизиқиш уйғотди. Профессор-ўқитувчилар билан фикр алмашилди ва келажакда ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди.
Делегация Ўзбек-Япон марказининг Бухоро филиалида ҳам бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари