20 июль 00:01 дан 7 август 23:59 гача Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан фаолиятини тўхтатади.
Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамиятининг матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатдан бери ишлаши ҳамда ҳаво кемаларининг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Хусусан, узунлиги 3000 м ва эни 16 м бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланади.
Урганч аэропортининг учиш-қўниш йўлаги капитал таъмирдан сўнг Boeing 787 ва Airbus А330 каби самолётларни чекловларсиз қабул қила олади.
Урганч шаҳридаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган эди.
“Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади, йўловчилар Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида трансферлар билан таъминланади”, — дейилади хабарда.
Парвозлар ҳақида қўшимча маълумот олиш учун авиакомпанияларга мурожаат қилиш тавсия этилади.
ЎзА