Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух 23-26 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади. Шу муносабат билан ЎзА эътибори ушбу мамлакат медиа тарихига қаратилди.
Замонавий Мўғул матбуоти шакллана бошлаши 1920 йил билан боғлиқ. ХХ аср кирилл алифбосида эски мўғул ёзуви ривожининг ажойиб намунаси акс этган. Европа цивилизацияси, маданияти ва маорифига яқинлашиш баробарида Мўғулистон миллий урф-одат ва анъаналарни сақлаган, кўп асрлик тарихга эга ноёб Осиё давлати бўлиб қолмоқда.
Мўғулистонда XX аср 60-йилларида профессионал журналистлар ва медиашунослар тайёрлана бошланди.
70 йил давомида мамлакат аҳолиси учун ягона ахборот манбаи давлатга қарашли Монголия миллий телерадиокомпанияси эди. 1991 йилдан ахборот соҳасида жиддий ислоҳот амалга оширилди. Янги нашрлар кўпая бошлади.
Аҳолиси бор-йўғи 3,3 миллион бўлса-да, Мўғулистонда 555 дан зиёд оммавий ахборот воситаси мавжуд. Мамлакат бўйлаб 5000 дан кўп журналист фаолият юритмоқда.
Мўғулистонда 200 га яқин газета ва журнал нашр этилади. Энг йириклари – “Бугун”, “Кундалик газета”, “Аср янгиликлари” ва “Бу ростми?”. Энг қадимги газета – “Ҳақиқат” 1920 йил очилган ва эндиликда 200 минг обуначига эга, энг кўп ўқиладиган кундалик газеталардан бирига айланган.
Мамлакатда 128 телекомпания фаолият юритмоқда. 16 таси миллий, 49 таси фақат Улан-Баторда, 63 таси вилоятларда эфирга узатилади. Сунъий йўлдош ва симли телевидение ҳам тобора оммалашмоқда.
Мамлакатда ўнлаб миллий ва хорижий радиостанциялар ишлайди. Аксарияти Улан-Баторда жойлашган. Кўрсатув ва эшиттиришлар мўғул, инглиз ва рус тилларида олиб борилади.
1934 йил ташкил этилган “Монголрадио” учта маҳаллий каналга эга бўлиб, давлат даражасида эшиттиришларни 1964 йилдан бери қисқа тўлқинларда хитой, япон, рус, инглиз тилларида эфирга узатиб келади. 1997 йил “Мўғулистон овози” сифатида қайта номланди.
2019 йил ҳолатига кўра, Мўғулистонда медиа мақомига эга 109 ахборот сайти мавжуд бўлиб, 58 фоизи маълумотни соатига бир неча марта янгилайди.
Ҳозир мамлакатдаги газеталарнинг 45 фоизи веб-сайтига, 48 фоизи ижтимоий тармоқ аккаунтига эга. Электрон нашрлар ҳам бор.
Мамлакатда 34 хил нашрни бепул олиш мумкин. “Мўғулистон бугун” журнали 1956 йилдан бошлаб мамлакатни хорижда тарғиб қилиш мақсадида “Замонавий Мўғулистон” ва “Мўғулистон” каби турли номлар остида нашр этиб келинган. 1990-йиллар ўрталарида фаолияти тўхтаган, 2007 йилдан бери янги мазмун ва кўриниш касб этган.
Мўғулистон ҳаётининг барча жабҳаларини, жумладан сиёсат, иқтисодиёт, тарих, санъат ва маданият, анъаналар, иқлим, жамият, спорт ва турмуш тарзини акс эттирувчи, ҳар чоракда бир марта чиқадиган журналнинг асосий мақсади Мўғулистоннинг умумий қиёфасини ёрқин намойиш этиш, шунингдек тарғиб қилишдир. Шу боис журнал саҳифаларида Мўғулистоннинг тарихи, маданияти, мафтункорлиги, гўзаллиги ва замонавий тараққиётини очиб берувчи, юқори аниқликдаги фотосуратлар билан безатилган турли хил қизиқарли контент тақдим этилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА