Ҳудуди анчайин бепоён, аммо аҳолиси сийрак жойлашган, сирли чўллари билан машҳур Мўғулистонни кўпчилик кўчманчилар юрти сифатида тасаввур қилиши мумкин. Дарвоқе, ушбу мамлакатда осмонга бўй чўзган бинолар ёнида ўтовларни, замонавий, ҳашаматли авто улов чўлда тошга айланган динозавр тухуми ёнидан ўтиб кетаётганини кўриш ҳеч гап эмас.
Улан-Батор дунёдаги энг совуқ пойтахт(ми?)
Жуда совуқ қиш ва ўта иссиқ ёз – Мўғулистоннинг ўзига хос хусусияти. Энг паст ва энг юқори ҳарорат, одатда, ранг-баранг қумли Гоби чўлида қайд этилади. Пойтахтда эса қишда -40 даражадан ҳам паст, ёзда +40 дан юқори ҳарорат ҳукмрон. Дунё пойтахтлари орасида Улан-Батор совуқ ҳавоси билан Хельсинкидан ҳам олдин – 1-ўринда туради. “Энг иссиқ” шаҳар номига ҳам жазирама Африкадаги пойтахтлар қатори даъвогар.
Мўғуллар вегетарианларни тушунмайди, балиқни ёқтирмайди
Мўғулистон гўштхўрлар учун идеал мамлакат. Мазкур ўлкада, ҳатто, чойга чучвара қўшишса ҳайрон бўлманг – мўғулларнинг бу асосий таоми “банштаи цаи” деб аталади.
Гўштнинг энг кўп тарқалган турлари – қўзичоқ, эчки ва мол гўшти. Мўғуллар сут маҳсулотларини ҳам яхши кўради, уларнинг энг ноодатий сутли таоми – қуритилган творог. Таомномада кўкат ва сабзавот ҳам доимий. Бинобарин, сабзавот камдан-кам ҳолда хом истеъмол қилинади, асосан қайнатилади ёки қовурилади.
Қадимда мўғуллар балиқ емаган, чунки сувдагт жониворларни муқаддас санашган. Ҳозир ҳам балиқ истеъмол қилиш анъанага айланмаган, гарчи мамлакатдаги кўлларда кўп овланма-да. Шаҳар ресторанларида балиқ сайёҳлар учун махсус пиширилади ва кўпинча ойлар давомида сақланади. Мўғулистонда вегетариан таомнома кам учрайди. Бу халқ айни турдаги парҳезни руҳий касалликка менгзашади.
Кўчманчилар кўп
Мўғулистонда учта йирик шаҳар бор, аҳолининг 45 фоизи пойтахтда яшайди, 30 фоизи ўзини кўчманчи, деб ҳисоблайди ва маълум бир яшаш жойига боғланмаган, қолганлар кичик шаҳарлар ёки қишлоқ аҳолиси. Мамлакатда аҳоли зичлиги дунёдаги энг паст кўрсаткич – ҳар квадрат/километрга 1,75 киши.
Динозавр тухуми ва қадимги қуён
Тадқиқотчилар бутун мамлакат бўйлаб қадимги ҳайвонлар, жумладан динозаврлар қолдиғини топишган. Умуман, Мўғулистон меҳмонлари учун ҳам қадимий артефактларни топиш ёқимли машғулот бўлиши мумкин, кўпчилик бу борада муваффақиятга эришади. Қазишма ишлари, асосан, Гоби чўлида олиб борилади. Табиийки, топилмани мамлакатдан олиб чиқиш тақиқланган.
Айтишларича, Мўғулистонда динозаврлардан ташқари ёши 55 миллион йилга тенг қуён суяги топилган.
Мўғулистон ноёб манзил тизимидан фойдаланади
Анъанавий манзиллар Мўғулистон учун хос эмас, чунки кўчманчилар шаҳарлар ва кўчалар шаклини доимий равишда ўзгартириб туради. Ахир, улар фақат даштда яшамайди-да: кўчма уйни қишлоқ ёки шаҳарда, масалан осмон ўпар бино ёнида ҳам жойлаштираверади. Шунинг учун ягона универсал тизим жорий этилди – ҳарф ва рақамнинг бир тури. Объект қанчалик кичик бўлса, манзил номи шунча узун. Ёдгорликларнинг ҳам манзили бор: Улан-Батордаги Сухэ-Батор майдони марказидаги ёдгорлик координатаси – RW8SK QZKSL. Ушбу тизим навигация учун ҳам жуда қулай.
2016 йил Мўғулистон ҳудудни квадратларга ажратувчи ва ҳар бир квадратга уч сўздан иборат ном берадиган инглизча “What3words” иловаси маълумотидан фойдалана бошлади. Афсуски, бу тизим ҳали суст ишлаяпти, чунки айни ташаббусни қўллаб-қувватлаш ҳаммадаям мавжуд бўлмаган смартфонни талаб қилади.
От қабристони – алоҳида таъсирли мажмуа
Мўғулларнинг отга нисбатан ўзига хос муносабати, таъбир жоиз бўлса, чуқур ҳурмати яратилган мажмуаларда намоён бўлади. Масалан, улкан ёдгорликлари мавжуд от қабристони – чексиз дашт ўртасидаги таъсирчан манзара сайёҳларни доимо ўзига жалб этади.
Чавандозга қўйилган энг баланд ҳайкал ҳам шу ерда.
Мамлакатдаги энг муҳим, диққатга сазовор бу объект Чингизхоннинг 40 метрлик ҳайкали. Тепасида кузатиш майдони ва ичида музей бор. Кўргазмалар орасида улкан гутул мўғул этиклари бор. Пойабзал 22 бош сигир терисидан тикилган.
Баъзила бу жойни Чингизхон қабри дейишади, аммо будай эмас. Бу афсонавий ҳоқон қаерга кўмилганини ҳеч ким билмайди. Унинг дафн маросимида қатнашганларнинг бари сир ошкор бўлмаслиги учун ўлдирилган, айримлар ўз жонига қасд қилган, мазмунидаги афсоналар юради.
Гигант қизил чувалчанг
Гоби чўлида яшайдиган улкан қизил қуртлар ҳақидаги афсона ҳамон сайёҳларни қизиқтиради: бўйи ярим метр келадиган қуртлар, гўё, ер тубида яшайди, тўсатдан пайдо бўлади, қурбонини масофадан туриб заҳарлайди ва ўлдиради.
Бундай ҳикоя мутлақ эртакдек туюлади, лекин чех олими айни мавзуда бир қатор илмий-оммабоп дастурлар суратга олди. У батафсил тасвирлаб бераркан, шундай қуртлар ҳақиқатан мавжудлигини исботлашга ҳаракат қилди. Бинобарин, мазкур йиртқич зараркунанда суратини ҳеч ким кўрмаган.
Яна бир ривоятга кўра, 1954 йил қуртларни қидириш учун Америкадан борган бутун бошли тадқиқот гуруҳининг сирли ўлимида шу сирли мавжудот айбланади.
Мўғуллар меҳмондўст халқ
Мўғуллар меҳмонга жуда яхши, чин юракдан муносабат билдиради. Чарчаган бўлса ҳам, сайёҳларни мамнуният билан таклиф қилишади. Сизга ўзлари ҳақида гапириб беришади.
Айни такаллуф ҳар доим ҳам шахсий фазилат билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Яъни, кўпинча меҳмон уйга фойда ва бахт келтиради, деган ишонч бор уларда: йил давомида уйга қанча кўп меҳмон келса, уй шунча обод бўларкан.
Йўлларнинг 80 фоизи асфальтланмаган
Мамлакат йўллари ҳақидаги машҳур ибора пайдо бўлган: Мўғулистонда йўл йўқ, фақат йўналиш бор. Бу фикрда жон бор. Асфальтланган автомобиль йўллари жуда кам, фақат йирик шаҳарларда ва яқин атрофда.
Бошқа барча йўллар кичик ва катта дашт, тупроқ йўллари. Кўчманчилар доим янги йўллар очишади. Манзилларни маҳаллий аҳоли ёрдамисиз топиш қийин.
Гоби чўлидаги оҳангли қум
Ишонинг, Гоби Хонгор Элс чўлининг ажойиб рангли қуми “қўшиқ айта олади”. Шамол баландлиги 100-300 метр келадиган қумтепалар бўйлаб сирғалиб, карнай, ноғора товушини ҳосил қилади.
Қум доналари ҳақиқий оркестр ижросини юзага келтиради. Тажрибали сайёҳлар таъкидлашича, қуёш ботганда, табиат овозли, ғайри оддий ранглар яратганда қумтепаларни тинглаш керак.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА