Ўн икки кун давомида спорт мухлисларига бир олам завқ бағишлаган “БРИКС” спорт ўйинлари якунланиш арафасида.
Дунёнинг 90 та мамлакатидан 4 минг нафардан зиёд спортчи иштирок этган ўйинларнинг сўнгги кунларидаги мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилар жасорат кўрсатди.
Боксчиларимизнинг ушбу мусобақада 5 та олтин, 7 та кумуш, 8 та бронза медалига эга чиққан ҳолда умумжамоа ҳисобида Россиядан кейин иккинчи ўринни эгаллаши юртимиз чарм қўлқоп усталарининг маҳорати ва матонати не чоғли юксак эканидан далолат бўлди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Баҳодир Жалолов, Шавкатжон Болтаев, Ҳавасбек Асадуллаев, Мадиёр Саидраҳимов, Нигина Ўктамова олтин, Тўрабек Ҳабибуллаев, Худойназар Файзов, Дилшод Абдумуродов, Жавоҳир Умматалиев, Шодиёржон Мелиқўзиев, Шаҳзод Музаффаров, Азиза Зокирова кумуш, Асилбек Жалилов, Адҳамжон Муҳиддинов, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Феруза Казакова, Ситора Турдибекова, Дилфуза Бекова, Мавлуда Мавлонова ва Олтиной Сотимбоева бронза медалларига эга чиқиб, Ватанимиз номини улуғлагани Ўзбекистон боксининг янги саҳифаси очилганини англатмоқда.
Худди шунингдек, мамлакатимиз белбоғли курашчилари боксчиларимиз сингари “БРИКС” ўйинларининг ҳақиқий қаҳрамонларига айланганини таъкидламоқ жоиз.
Ўйинлар давомидаги шиддатли беллашувларда 7 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалига эга чиққан юртимиз курашчилари умумжамоада Россия терма жамоасидан кейин 2-ўринни эгаллади.
Эътиборли жиҳати, белбоғли кураш турлари бўйича кечган мусобақаларда 20 нафар спортчимиз иштирок этиб, уларнинг барчаси совриндорлар қаторидан жой олди. Бу эса янгича рекорд кўрсаткичга айланди.
Боиси, бугунгача белбоғли курашчиларимиз ҳеч бир комплекс мусобақада бу қадар юз фоизлик натижага эришмаганди. Қозон беллашувларида Муроджон Ҳамидов, Ҳусниддин Рўзиев, Нодирбек Аҳатжонов, Абдулаҳад Носиров, Диёрбек Полвонов, Самандар Анваров, Фарангиз Абдунабиева каби белбоғли курашчиларимизнинг ғолиблиги шарафига Ватанимиз мадҳияси янгради.
Бугун, 23 июнь куни тўртинчи бор ташкил этилган "БРИКС" ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА