Ўзбекистон терма жамоаси жорий йилнинг 15 июнь-3 июль кунлари Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида бўлиб ўтаётган “Иккинчи Халқаро математика ёзги оромгоҳи – 2024”да иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро оромгоҳ дунёнинг 31 мамлакатидан 340 га яқин терма жамоа аъзолари ва тренерларини жамлагани билан аҳамиятлидир.
Иккинчи марта Хитой Халқ Республикаси томонидан ташкил қилинган ушбу интеллектуал оромгоҳ нуфузли халқаро математика олимпиадаси (IMO) олдидан иштирокчи мамлакат вакиллари учун ғоят самарали ва фойдали тадбир деб ҳисобланмоқда.
Aрманистон, Озарбайжон, Ботсвана, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Камерун, Канада, Коста-Рика, Эстония, Гана, Венгрия, Эрон, Италия, Қирғизистон, Литва, Мавритания, Мексика, Молдова, Мўғулистон, Покистон, Перу, Польша, Руминия, Руанда, Саудия Aрабистони, Жанубий Aфрика Республикаси, Сербия, Таиланд, Уганда, Ўзбекистон, Хитой каби давлатларнинг терма жамоалари ва иштирокчилари қатнашаётган интеллектуал оромгоҳда халқаро олимпиадаларда юқори натижалар қайд этган, дунё тан олган математиклар иқтидорли ёшлар билан комбинаторика, алгебра, сонлар назарияси ва геометрия каби йўналишларда ўқув машғулотлари олиб бормоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йил 11-22 июль кунлари Aнглиянинг Бат шаҳрида 65-Халқаро математика олимпиадаси ташкил қилинади. Терма жамоамиз аъзоларидан мазкур нуфузли олимпиадада юқори натижаларни кутиб қоламиз ва уларга омад тилаймиз.
Н.Усмонова, ЎзА