Фарзанд дунёга келар экан, унинг порлоқ келажагидан умидвор ота-она борки, эл корига ярасин, Она Ватанга хизмат қилсин, деб дуолар қилади. Илмга, касбга йўналтириб, ҳеч бир машаққатларга қарамай, унинг вазифаси юртни асраш эканини уқтирган ота-онадан бахтиёрроқ инсон бўлмаса керак.
Бундай қувончни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида офицер бўлишни мақсад қилиб, белгиланган муддат давомида танлаган соҳалари бўйича таълим-тарбия олган ўғлонларнинг яқинлари кўзида кўриш мумкин.
22 июнь куни чин маънода юрт посбонлари, дея аталган ўғлонларнинг битирув тантаналари бўлиб ўтди.
Қуролли Кучлар академиясида ўтказилган битирув тадбирида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов иштирок этиб, ёш офицерларни самимий қутлади.
Тадбирда ота-оналар, ёзувчи ва шоирлар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари битирувчиларни қутлаб, келгуси хизмат фаолияти ва шахсий ҳаётларида улкан муваффақиятлар тилади.
– Бугун фарзандим Ойбекжон Қуролли Кучлар академиясининг тўртинчи босқичини тугатиб, намунали диплом билан тақдирланди, – дейди Самарқанд вилояти Оқдарё туманидан битирув тадбирига келган Бобур Ҳусайинов. – Ўғлим мактаб даврлариданоқ спорт билан қаттиқ шуғулланиб, ҳарбийлик касбига қизиқиб, юртни ҳимоя қилишдек шарафли хизматга кўнгил қўйди. Мен бундан фахрландим. Тилагим, чегараларимиз мустаҳкамлигини таъминлашда иштирок этиб, Ватан учун садоқатли бўлсин. Ушбу ўқув юртида хизмат қилаётган ва фарзандларимизга илм ўргатган барча фидойиларга миннатдорлик билдираман.
Битирув маросими шукуҳи янада кенгайиб, турли саҳна чиқишлари ва концерт дастурларига уланди. Бу каби турли жанговар саҳна чиқишлари шубҳасиз келажагини Ватан ҳимоясига боғловчи ёшларнинг қалбига шижоат бағишласа, ажабмас.
Тадбирдан сўнг битирувчилар ота-оналари билан дийдорлашиб, унутилмас кун муносабати билан қувончларини бўлишди ва дуоларини олишди.
– Ўғлим Алишер Қуролли Кучлар академиясини тугатиб лейтенант унвонини олганлиги муносабати билан бугунги тантанали маросимда қатнашиш учун Бухоро вилояти Когон шаҳридан келдик, – дейди Анвар Шаропов. – Ўғлим Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш учун жанговар шайликда тарбияланди. Юртга садоқат билан хизмат қилиш энди ўғлимизнинг бўйнидаги вазифа. Бугун тадбирга келганларни, ҳарбий унвонга эришган йигитларни қутлайман, омад тилайман.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/SbmPtFp_7uI" title="Farzandining vazifasi yurtni asrash ekanini koʻrgan ota-onadan baxtiyorroq inson boʻlmasa kerak" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Эслатиб ўтамиз бугун Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги барча олий ҳарбий таълим муассасаларида курсантларнинг битирув маросимлари юқори савияда ўтказилди.
Тадбирдан лавҳаларни қуйидаги видеода кузатишингиз мумкин.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА