Янги қарор
Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционла асослари тобора такомиллаштирилиб борилмоқда. Шу билан бирга аҳоли ва давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш ҳамда коррупцияга қарши билим ва кўникмаларини ошириш тизимини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янги босқичга олиб чиқиш зарурати юзага келмоқда.
Бугунги кунинг ана шу муҳим талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан эндиликда аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб боришнинг кенг қамровли тизими жорий этилади.
Шу мақсадда 2025 йил 1 январдан “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасини (Виртуал академия) жорий этиш белгиланди.
Виртуал академияда ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан амалга оширилади.
Шунга кўра, Агентлик ва Академияга қарор доирасида бир қатор муҳим вазифалр юклатилди. Жумладан, Агентлик ўқитилиши лозим бўлган давлат хизматчилари контингентини шакллантиради ва Академия билан келишган ҳолда йиллик ўқитиш режа-графигини тасдиқлайди, ўқув жараёни сифатли ташкил этилишини мониторинг қилиб боради. Ҳар йили Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига Виртуал академия фаолияти юзасидан ахборот киритилади.
Энг муҳими, Академияда ҳар қандай фуқаро ихтиёрий равишда базавий курсларда таълим олиш имконияти яратилади. Жумладан, боғча ёшидаги болалардан тортиб, мактаб ўқувчиси, талаба-ёшлар, тадбиркорлар, нодавлат ташкилотлари вакиллари учун уларнинг ёши ва ривожланиш даражаси, соҳасидан келиб чиқиб турли форматдаги ўқув дастурлари ишлаб чиқилади.
Барча давлат хизматчилари учун эса мазкур Академия орқали коррупцияга қарши бўйича билим ва малакасини ошириб бориш мажбурий этиб белгиланди.
Бу эса аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдиришда, шубҳасиз, катта аҳамият касб этади.
Виртуал академияда ўқитиш базавий курслардабарча учун бепул, махсус (чуқурлаштирилган) курсларда эса тўлов-шартнома асосида йўлга қўйилади.
Агентлик олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари учун коррупцияга қарши курашиш соҳасида тавсиявий йиллик илмий-тадқиқот мавзуларини шакллантиради.
Барча олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган илмий-тадқиқотлар натижаларини
ҳар йили Агентликка тақдим этади. Академия коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ютуқлар, миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий-амалий ишланмалар ва илмий тадқиқот ишлари бўйича электрон маълумотлар базасини юритади.
Қарор асосида “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасининг самарали фаолиятини таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Унга мувофиқ, 2025-йил 1-январга қадар “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси ва унинг мобил иловаси ишга туширилади. 2024-йил 1-октябрга қадар Виртуал академияда ташкил этиладиган махсус дастурлар ва контент ишлаб чиқилади.
Академияда таълим олувчилар учун Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси (GRACE) дастури доирасида сифатли мультипликацион фильм, видеолавҳа ва аудиоматериалларни яратиш чоралари кўрилади.
Виртуал академия фаоляитининг йўлга қўйилиши жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш, шунингдек, аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш тизими жорий этилишига хизмат қилади.
ЎзА