Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, жамиятда коррупция иллатига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари кенг жорий этилиб, уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича тизимли чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, аҳоли ва давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим
ва кўникмаларини ошириш тизимини замон талабларидан келиб чиққан ҳолда янги босқичга олиб чиқиш зарурати юзага келмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириб боришнинг кенг қамровли тизимини жорий этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ва Бош прокуратурасининг аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз оширишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасини (кейинги ўринларда – Виртуал академия) 2025 йил 1 январдан жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
2. Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимининг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдириш;
коррупцияга қарши курашишга масъул ҳамда коррупциявий
хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларидаги ходимларнинг билим, кўникма ва малакаларини доимий равишда ошириб бориш;
давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини баҳолаш ва сертификатлаш ҳамда сертификат олган
давлат хизматчиларининг реестрини юритиш;
коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий ва амалий ишланмалар, эришилган ютуқлар бўйича электрон маълумотлар базасини юритиш;
коррупцияга қарши курашишнинг долзарб муаммолари юзасидан илмий-тадқиқот дастурлари ва лойиҳаларини, шу жумладан, миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш.
3. Белгилансинки, Виртуал академияда ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Агентлик ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси (кейинги ўринларда – Академия) томонидан амалга оширилади. Бунда:
а) Агентлик:
коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилиши лозим бўлган
давлат хизматчилари контингентини шакллантиради ва Академия
билан келишган ҳолда йиллик ўқитиш режа-графигини тасдиқлайди;
ўқув жараёни сифатли ташкил этилишини мониторинг қилиб боради;
коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати, коррупциявий хавф-хатарлар ва тадқиқот натижаларини инобатга олиб, янги ўқув модулларини жорий этиш бўйича Академияга таклифлар киритади;
ўқитиш тизимининг самарали фаолият кўрсатиши учун ўқув жараёнига жалб қилинган давлат органлари ва ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади;
Академия билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига Виртуал академия фаолияти юзасидан ахборот киритади;
б) Академия:
Виртуал академиянинг узлуксиз ишлашини, ўқув контенти
ва материаллари билан мунтазам тўлдирилиши ва янгилаб борилишини таъминлайди;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқув жараёнини ташкил этади, шу жумладан, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади, ўқув курслари ҳақидаги маълумотларни Виртуал академияда жойлаштиради;
тингловчиларнинг билимларни ўзлаштириши натижалари бўйича электронмаълумотлар базасини шакллантиради, ўқув курсларини тамомлаган шахсларнинг реестрини юритади;
ўқув жараёнига давлат органлари ва ташкилотларининг, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг малакали мутахассисларини,
шу жумладан,а хорижий экспертларни жалб қилади.
4. Виртуал академияда ўқитиш қуйидаги контингент учун коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув дастурлари асосида олиб борилади:
аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари;
таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари;
давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматчилари (кейинги ўринларда – давлат хизматчилари);
давлат иштирокидаги корхоналарнинг ходимлари.
5. Белгилаб қўйилсинки:
а) Виртуал академияда ўқитиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида базавий ҳамда махсус ўқув курслари бўйича йўлга қўйилади. Бунда:
базавий ўқув курсларида ўқитиш барча фойдаланувчилар учун
бепул асосда ташкил этилади;
махсус ўқув курсларида малака ошириш тўлов-шартнома асосида амалга оширилади;
б) давлат хизматчиларига Виртуал академиянинг махсус ўқув курсларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириш мажбурий ҳисобланади. Бунда:
давлат хизматчиси ишга қабул қилинганидан сўнг уч ой ичида
ўқув курсидан ўтади;
давлат хизматчилари малакасини оширишнинг даврийлиги
ҳар уч йилда камида бир мартани ташкил этади;
коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва коррупциявий
хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларида фаолият кўрсатувчи ходимлар учун махсус курслар чуқурлаштирилган ўқув дастурлари асосида олиб борилади;
в) давлат хизматчилари ҳисобланмайдиган шахсларни махсус ўқув курсларида ўқитиш ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
6. Қуйидагилар Виртуал академия фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
Академиянинг бюджетдан ташқари маблағлари;
Агентликнинг ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро ташкилотларнинг грантлари ва маблағлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасининг самарали фаолиятини таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) махсус ўқув курсларида тўлов-шартнома асосида малака ошириш учун тўлов миқдори Академиянинг Васийлик кенгаши томонидан Агентлик ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
б) махсус ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган шахсларга Агентлик ва Академия томонидан тасдиқланадиган намунадаги сертификат берилади;
в) давлат хизматчиларининг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар тегишли давлат органи ёки ташкилотига ушбу мақсадлар
учун назарда тутилган бюджет маблағлари доирасида ёхуд уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади;
г) тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар Академия ҳисобварағида жамланади ва қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:
Виртуал академия фаолиятида фойдаланишга оид материалларни тайёрлаш учун буюртмалар бериш;
Виртуал академия фаолиятини таъминлашга масъул ходимларни моддий рағбатлантириш ва уларнинг малакасини ошириш;
Виртуал академиянинг узлуксиз ишлаши ва унинг фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
ўқитиш жараёнига тегишли ходимлар, илмий-педагогик кадрлар
ва мутахассисларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш.
Бунда, ўқитишдан тушадиган маблағлар юқорида назарда тутилган харажатлар қопланганидан сўнг Агентлик ва Академиянинг бюджетдан ташқари жамғармаларига тенг улушларда тақсимланади.
9. Давлат органлари ва ташкилотлари мунтазам равишда
ўз ходимларининг Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириб боришларини таъминласин.
Давлат иштирокидаги корхоналарга ходимларини Виртуал академияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида малакасини ошириш чораларини кўриб бориш тавсия этилсин.
10. Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган илмий тадқиқотларни тизимли ва самарали ташкил этиш мақсадида:
Агентлик томонидан олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари учун коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган тавсиявий йиллик илмий-тадқиқот мавзуларини шакллантириш;
барча олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижаларини Агентликка тақдим этиш;
Академия томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар, миллий ва хорижий тажриба, илмий, услубий
ва амалий ишланмалар ҳамда илмий-тадқиқот ишлари бўйича электрон маълумотлар базасини муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда юритиш тартиби жорий этилсин.
Агентлик ва Академия соҳадаги илмий тадқиқотларни мақсадли
ва сифатли амалга ошириш, натижаларини оммалаштириш бўйича
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига мунтазам равишда таклифлар киритиб борсин.
11. Агентлик ва Академия:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Виртуал академияда ўқитишни ташкил этиш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
2025 йил 1 январга қадар “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси ва унинг мобиль иловасини ишга туширсин.
12. Академия Агентлик, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда:
2024 йил 1 октябрга қадар таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари учун Виртуал академияда ташкил этиладиган махсус дастурлар ва контентнинг ишлаб чиқилишини;
мунтазам равишда таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари учун махсус дастурлар ва контентнинг янгилаб борилишини таъминласин.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан
ва инновациялар вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги таълим олувчилар учун Коррупцияга қарши таълим
ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси (GRACE) дастури доирасида сифатли мультипликацион фильм, видеолавҳа
ва аудиоматериалларни яратиш мақсадида хорижий инвестициялар, грантлар ҳамда ҳомийлик хайрияларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
13. Агентлик ва Бош прокуратура Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг
мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
14. Агентлик икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга
масъул ва шахсий жавобгар этиб Агентлик директори А.Э.Бурханов
ва Бош прокурор Н.Т.Йўлдошев белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Т.К.Нарбаева ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи
ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Д.Б.Кадиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2024 йил 21 июнь