Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлиси якунига етди. 2024 йил 21-22 июнь кунлари бўлиб ўтган мажлисда 14 масала кўриб чиқилди.
Муҳокама қилинган масалаларнинг ўнга яқини қонунлар, қолгани ҳудудлар билан боғлиқ ҳамда Сенат ваколатига кирадиган лавозимга тасдиқлаш каби масалаларни ташкил этди.
Мажлис давомида Сенат Раиси Танзила Норбоева кун тартибидаги барча масалалар халқимиз манфаатлари, ҳудудларимиз ривожи, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилишини таъкидлади.
– Сенат ўз фаолиятининг барча йўналишларида фаол иш олиб бормоқда, – деди Т.Норбоева. – Айниқса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси мунтазам ўрганиб борилмоқда ва жараён яна давом этади.
Яқинда Сурхондарё вилоятидаги ишлар ҳолати ўрганилиб, ҳудуднинг ўзида муҳокама қилинди. Қайд этиш керакки, Сурхондарё бу йил бошидан бери бундай форматда ўрганилган тўртинчи вилоят бўлди. Бундан олдин Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида, шу жумладан, Тошкент шаҳрида ўрганишлар олиб борилди. Аҳоли, тадбиркорлар билан мулоқот қилинди. Бундай ўрганишлар жараёнида ҳар бир ҳудуд, маҳаллалардаги ютуқлар билан бирга камчиликлар аниқланиши баробарида уларга барҳам бериш бўйича манзилли чораларлар кўрилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, ўрганишларда эътиборга молик натижалар кўпроқ кўзга ташланмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилоятини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Президент ва Ҳукумат қарорлари (жами 44 та) натижасида иқтисодиёт соҳаларида барқарор ўсиш кузатилган. Ичимлик суви таъминоти 63 фоиздан зиёдга ошган. Таъмирталаб йўллар 27 фоизгача камайган. Боғчаларга қамров 62,5 фоизга етказилган. “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида 16 мингга яқин аҳоли ишга жойлаштирилган, 2,3 минг фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган.
Шу билан бирга, инвестиция жалб қилиш, экспортни кўпайтириш, инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш йўналишларида муаммолар ҳам бор. Вилоятдаги маҳаллий кенгашлар, ҳудуд раҳбарияти, ижро органлари, фаоллар ва, қолаверса, республика вазирлик идоралари билан бирга ҳар бир йўналиш алоҳида-алоҳида муҳокама қилиниб, муҳим ечимлар, таклифлар ўртага ташланди. Алоҳида қарор қабул қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб берилди.
–Ҳудудларни ривожлантириш масалалари бундан кейин ҳам биз учун устувор бўлади. Навбатдаги манзилимиз Навоий вилояти бўлади. Аҳолининг турмуш даражаси яхшиланиши, бандликни таъминлаш, тадбиркорлик ривожи учун барча чораларни кўриш ишлари рўёбга чиқарилади, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
ЎзА