Пойтахтимиздаги Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳарбий аппарати билан ҳамкорликда ҳарбий оркестр жўрлигида мусиқий тадбир ташкил этилди.
Миллий гвардия Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчилари ҳамда Буюк Британия Уэлс маликаси Қироллик полки Ҳарбий оркестрининг бош дирижёри подполковник Уэйн Хопла ва унинг жамоаси ҳамкорлигида “Оҳанглар садоси” номли концерт дастури намойиш этилди. Даставвал ўқувчилар учун ижодий маҳорат дарси ташкил этилди.
Лицейнинг ижодкор ўқувчилари қисқа муддатда концерт дастурига тайёргарлик кўрди.
Дирижёрлар ҳарбий мусиқа академик лицей ўқитувчиси Аброр Нозимов ва Буюк Британия Уэлс маликаси Қироллик полки оркестрининг бош дирижёри подполковник Уэйн Хопла бошчилигида хориж ва миллий мусиқаларимизни ўқувчилар моҳирона ижро этди.
Ушбу маданий тадбирга тизим ҳарбий хизматчи ва ходимлари, шунингдек меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва ҳудуддаги маҳалла ёшлари таклиф этилди. Ижро этилган қизиқарли мусиқий чиқишлар томошабинларга хуш кайфият бағишлади ва уларнинг олқишларига сазовор бўлди.
— Ўзбекистонга учинчи бор келишим. Икки мамлакат ҳарбий оркестрлари ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Бу йилги ташрифимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, биз ёш мусиқачи ўқувчиларга маҳорат дарсларини ўтиб, улар билан концерт дастурини ташкиллаштирдик. Албатта, жуда қизиқ жараён бўлди. Чунки мусиқачилар учун тил муҳим эмас, уларни мусиқа тили бирлаштиради, — деди Уэйн Хопла.
Меҳмонларнинг ижодий ташрифи ёш оркестр жамоаси учун катта маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, мазкур учрашув етишиб чиқаётган ёш мусиқачиларга амалий тажриба алмашиш имконини берди.
<iframe width="1250" height="703" src="https://www.youtube.com/embed/umhG9eDCjM4" title="Ueyn Xopla: Musiqachilar uchun til muhim emas, ularni musiqa tili birlashtiradi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Н.Раҳмонова,
ЎзА