Биринчи кун тафсилотлари
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан «Ёшлар ойлиги» доирасида «Вазир ва ёшлар» ҳамда «Раҳбар ва ёшлар» учрашувлари ўтказилмоқда.
Жорий йил Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси раҳбарлигида юртимиз маҳаллаларида «ёшлар баланси»ни шакллантириш орқали уларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўргатиш, бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, давлат идораларининг 7 965 нафар раҳбарларига алоҳида ишлаш талаб этиладиган 122 715 нафар ёшлар номма-ном бириктирилиб, раҳбарлар томонидан 108 264 нафар ёш билан учрашувлар ўтказилди ва 18 236 нафарининг турли ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳал этилган.
«Ёшлар ойлиги» доирасида ташкил этилаётган «Вазир ва ёшлар» ҳамда «Раҳбар ва ёшлар» учрашувлари иштирокчи ёшлар қалбида янги ўзгаришлар, янгича ёндашувларга сабаб бўлса, ажаб эмас.
Очиқ мулоқот тарзида ўтаётган ҳар бир йиғилиш ёшлар сиёсати йўналишида амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда келгусидаги режалар муҳокамасига бағишланмоқда.
Бугун ташкил этилган илк учрашувда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ёш педагоглар ҳамда иқтидорли ўқувчилар билан мулоқотда бўлди. Тадбирда 200 нафардан зиёд ёшлар ўз савол ва таклифларини билдиришди.
Суҳбат давомида иштирокчилар таълим муассасаларида ўзлаштирилаётган билимларни амалиёт билан интеграция қилиш, 2023-2024 ўқув йили давомида амалга оширилган ўзгаришлар, таълимда инновацион лойиҳалардан фойдаланиш ҳамда инклюзив таълим тўғрисидаги кўплаб савол ва таклифларга батафсил жавоб олишди.
«Ёшлар ойлиги» муносабати билан ташкил этилган учрашув якунида умумтаълим мактаблари фаол ўқитувчи ва ўқувчиларига махсус диплом ҳамда совғалар топширилди.
Шунингдек, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирокида ўтган тадбирда ҳам 200 дан ортиқ ёшлар саройга йиғилди. Вазир ўз нутқи давомида ёшларнинг сифатли билим олиши ҳамда келгусида даромадли касбга эга бўлиши учун тўғри йўналиш танлай билиши муҳимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, ахборот технологиялари экспорт йўналишига юртимизда катта эътибор қаратилаётгани, соҳадаги ишлар бугунги кунда асосий босқичга олиб чиқилгани, мамлакатни IT хабга айлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганига урғу берди.
Ёшлар ижод саройидаги ўтказилган яна бир муҳим учрашув олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди.
Вазир дастлаб давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилаётган йиғилишларнинг ёшлар учун аҳамияти, соҳадаги энг сўнгги ислоҳотлар мазмуни, яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирди.
Учрашувнинг иккинчи қисми ёшлар томонидан кўтарилган таклиф, лойиҳа ва ташаббуслар билан давом этди. Тадбирлар доирасида лойиҳа ҳамкорлари, волонтёрлар ва жамоатчилик фаоллари муносиб тақдирланди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА