Ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши муносабати билан кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга доир чоралар даражасини ошириш зарурати юзага келмоқда.
Шу сабабли, «Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди.
Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонунга асосан кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари томонидан хавфсизлик ва киберхавфсизлик таҳдидларини аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш бўйича Марказий банкка қўшимча ваколатлар белгиланди.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, «Марказий банки тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Банк сири тўғрисида», «Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Электрон ҳукумат тўғрисида», «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида» ва «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунларга киберхавфсизликни таъминлашга оид меъёрлар киритилди.
Қонун билан банк ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилганлиги ҳолати қўпол қоидабузарликлар қаторига киритилмоқда.
Бундан ташқари, банкларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш каби қўшимча мақсадлар қонунда акс эттирилган.
Сенаторлар маъқуллаган қонун кредит ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ҳамда электрон ҳукумат тизимида ахборот хавфсизлигини кучайтиришга, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА