Сенат ялпи мажлисида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонуннинг мақсади ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунда ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этишнинг аниқ тартиблари белгиланди.
Ортиқча эгалланган ер участкасига, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудида жойлашган турар жойлар эгаллаган ер участкасига, кичик саноат зоналари ҳудудидаги ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш асослари мустаҳкамланди.
Мазкур масала юзасидан фикр билдирган Сенат Раиси Т.Норбоева қонун халқимиз кутаётган қонунлардан бири эканини таъкидлади.
– Ҳақиқатан ҳам ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ҳамда уларда қурилган бино-иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича кейинги йилларда эълон қилинган “акция”лар инсон манфаатлари йўлида амалга ошириб келинмоқда, – деди Танзила Норбоева. – Бу борадаги ишларнинг алоҳида, яхлит қонун билан тартибга солиниши сифат ва самарадорликка хизмат қилади. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ва биноларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишда ногиронлиги бўлганларга, кам таъминланганларга енгилликлар назарда тутилгани жуда муҳим. Айни пайтда шуни ҳам алоҳида айтиш керакки, қонун мазмун-моҳияти, тузилиши ва бошқа хусусиятларига кўра кишидан бир қадар синчковликни талаб қилади. Қолаверса, ушбу қонун шаҳар аҳолиси учун ҳам, узоқ туман, қишлоқ, овул аҳолиси учун ҳам бирдек муҳим ва долзарб. Яна бир гап шуки, қонуннинг қабул қилиниши, албатта, яхши. Бироқ, бу одамлар онгида “исталган ерни эгаллаб олиб, иморат солсам бўлаверади, давлат барибир расмийлаштириб бераверади”, деган нотўғри қарашни шакллантириб қўймаслиги керак. Бу борада қонун устувор бўлиши зарур.
Мажлисда қонунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотлар ва ҳужжатлар автоматлаштирилган ахборот тизими орқали босқичма-босқич киритилиши назарда тутилаётгани қайд этилди.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқини ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилишига кўмак беради. Бу орқали аҳолининг ижтимоий, иқтисодий ҳамда ушбу бино ва иншоотларни коммунал тармоқларга улаш бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларининг ҳал этилишига имкон яратади.
Норгул Абдураимова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА