Президент раислигида муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Қайд этилганидек, хорижда олийгоҳлар тажриба ишлаб чиқариш корхоналарини (спин-оф) очиб, давлат ва ишлаб чиқарувчи маблағларини жалб қилади, тадқиқот ўтказади, инновацион маҳсулот яратиб, тижоратлаштиради.
Улар 5-7 йил ичида университетдан ажралади ва кичик корхонага айланади.
Бизда Фарғона политехника институти 14 та корхона (спин-оф) очиб, 21 миллиард сўм даромад қилган. Бу йил даромадни 40 миллиард сўмга, келаси йили – 100 миллиард сўмга олиб чиқиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблари бор.
Энг муҳими, ушбу корхоналар ишчиларининг 90 фоизи олийгоҳ ўқитувчилари ва талабалари.
Умуман, жами 12 та олийгоҳда бундай 28 та корхона ташкил қилиниб, улар 47 миллиард сўм даромад олган. Лекин, қолган 24 та олийгоҳ ректорида ҳам, ҳокимларда ҳам бу борада бирорта ташаббус йўқлиги қайд этилди.
ЎзА