Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ваколатли давлат органларига аҳолининг маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар сифатидан тўлиқ қониқишини таъминлаш, ушбу хизматлар даражасини халқаро стандартларга етказиш ҳамда назорат тизимини кучайтириш борасида янги тизим яратилмоқда.
Фармонга асосан, қатор вазирлик ва идораларга соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича қўшимча ваколат ва мажбуриятлар юклатиляпти. Экология вазирлиги ва ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардияга, белгиланган тартибда автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигининг махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектларига экологик ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар бериш ҳуқуқи берилмоқда.
Ҳозирда ушбу жараёнларга тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Агарда интеграциялашган тизим ишга тушадиган бўлса, республикамизнинг барча бурчакларида чиқиндиларни мониторинг қилиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўлиқ назорат қилиш имкони яратилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/PiEadHWKw0I" title="O`zbekistonda 2030 yilgacha chiqindini qayta ishlash 60-70 % yetkaziladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
- Статистикага қарайдиган бўлсак, аҳоли жон бошига кунига ҳудудларга қараб ўртача 800 граммдан 1.2 килограмгача чиқинди ҳосил бўлади- дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорати инспекцияси бўлим бошлиғи Хуршид Пиров. - Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 2.5 минг тонна маиший чиқинди ҳосил бўлиб, уларни белгиланган жойга олиб бориш тизимли йўлга қўйилган. Назорат Экология вазирлиги томонидан амалга оширилади. Мақсадимиз 2030 йилгача бу чиқиндиларнинг қайта ишлаш миқдорини 60-80 фоизга етказиш. Ҳозирги кунда чиқиндиларнинг бор-йўғи 20 фоизи қайта ишланади. Қоғоз, пластмасса, метал ва бошқа турдаги айрим чиқиндилар қайта ишланади, қолгани махсус полигонларга кўмилади. Режамиз келгусида ўша полигонлар сонини қисқартириб, чиқиндиларни қайта ишлаш миқдорини ошириш.
Бунда, тадбиркорлик субъектларини жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилиши белгилаб қўйилмоқда.
Чиқиндихоналарга айланган ёки тизимли равишда чиқиндилар ноқонуний равишда ташлаб кетилиши кузатиладиган ҳудудларда аҳоли ташаббуси билан ўз маблағлари ҳисобидан фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига буюртма беришлари йўлга қўйилади. Ҳуқуқбузарларни жавобгарликка тортиш чоралари натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан буюртма берган шахслар рағбатлантирилиши кўзда тутилмоқда.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига қарашли ситуацион марказ томонидан 2023 йилдан бугунги кунга қадар 13.5 мингта жарима қўлланилган. Ушбу жарима миқдори 340 минг сўмдан 3млн 400минг сўмгача этиб белгиланган. Яқин ойларда видеокузатув мосламалари сонини 1000 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бу эса фуқароларимиздан янада ҳушёр бўлишларини, белгиланмаган жойларга чиқинди ташламасликларини талаб этади.
Санжар Тошпўлатов, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА