Кўп асрлик тарихга эга маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда муҳофаза қилиш мақсадида жорий йилнинг 20 май куни “Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган. Ушбу қарор моддий маданий мерос объектлари, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни ишончли муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда юртимизда сайёҳлик салоҳиятини оширишда уларнинг ўрни ва аҳамиятини оширишга қаратилган.
Шунингдек, мазкур ҳужжат орқали Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши тўғрисидаги низом, унинг янги таркиби қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятида Агентликка ҳисобот беради. Кенгаш таркиби эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
АОКАда ўтказилган брифингда Маданий мерос агентлиги директорининг ўринбосари Турсунали Қўзиевнинг маълум қилишича, маданий мерос объектларининг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қийматига салбий таъсир қилмаслигини таъминлаш мақсадида улардан фойдаланиш мақсадлари ва шартларини тасдиқлаш ёки етарли даражада асослантирган ҳолда тасдиқлашни рад этишга доир масалалар юзасидан хулосалар бериш ва бошқалар Кенгашнинг асосий вазифаларидир.
Мутахассисга кўра, маданий мерос объектлари, тарихий обидалар фаолияти юзасидан ариза берувчи (юридик ёки жисмоний шахс) Агентликнинг электрон ахборот тизими орқали мурожаат қилиши мумкин.
Ариза берувчи мурожаат қилган куннинг ўзида ушбу мурожаатни кўриб чиқиш ва тегишли хулоса бериш учун Агентликнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасига тақдим этилаётган лойиҳадан келиб чиқиб БҲМнинг 50 фоизидан 20 бараваригача миқдорлардаги тўловни амалга оширади.
Кенгаш томонидан мурожаатлар Илмий-маслаҳат кенгаши хулосаси архив маълумотлари, тарихий манбалар, илмий адабиётлар, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси марказининг тавсиялари ва Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талаблари, анъанавий меъморчилик мактаблари хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА