Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги ҳудудий делегация вакиллари Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятида бўлди. Меҳмонларга Сўғд вилояти раиси Раджаббой Аҳмадзода ҳамроҳлик қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг томонлар ўртасида ўзаро яқин иқтисодий шерикчилик муносабатларини йўлга қўйиш, савдо ва товар айрибошлаш ҳажмини янада ошириш, ижтимоий йўналишдаги ҳамкорликларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, ҳар бир ҳудуднинг туризм ва хизмат кўрсатиш имкониятларини жадал ривожлантириш борасида келишиб олди.
Мулоқотларда ҳар икки мамлакатда сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳот ва ўзгаришлар атрофлича муҳокама қилиниб, яқин вақт оралиғида мактаб ва олий таълим йўналишида ўзаро яқин ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олинди. Шунингдек, туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.
Тошкент вилояти делегацияси “Сўғд – 2024” савдо ярмаркасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Мазкур ярмарка 10 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Таъкидлаш жоизки, жорий йил 18-19 апрель кунлари Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий даражали учрашувларида икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш борасида янги марралар белгиланган эди.
Ўз навбатида, яқинда Ўзбекистонда бўлиб ўтган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Тошкент вилояти ва Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган ва 2024-2026 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” имзоланди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар эндиликда ўз мевасини бера бошлади. Хусусан, 2016 йилга қадар Тошкент вилоятида бор йўғи 10 га яқин тожикистонлик ҳамкорлар билан корхоналар фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 30 тадан ошди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Тошкент вилоятининг Тожикистон билан умумий товар айланмаси 128 фоизга ошган. Шунингдек, Тожикистонда ҳам ўзбек капитали иштирокидаги жами 70 дан ортиқ корхоналар фаолият юритиб келмоқда.
Ташриф давомида ўзбек, тожик тадбиркорлари иштирокида В2В форматида мулоқот ўтказилди.
А. Мусаев, ЎзА.