Мамлакатимизнинг биринчи ва иккинчи рақамли теннисчилари бўлган Ҳумоюн Султонов ва Сергей Фомин жорий ҳафтада Халқаро теннис федерацияси томонидан Бельгия ва Германия давлатларида ташкил этиладиган нуфузли мусобақаларда иштирок этади.
Ҳумоюн Султонов Бельгияда M25 тоифасидаги «Gonzalez Academy event» халқаро турнирида яккалик ва жуфтлик баҳсларида қатнашади. Ҳумоюн дастлаб яккалик баҳсларида мезбонлар вакили Клиан Коллигнон билан рақобатлашади. Сўнгра, жуфтлик беллашувларида теннисчимиз германиялик Лукас Делиано билан тандем ҳосил қилиб, чорак финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинда бельгиялик Отакар Унгерман ва Мартин Ван Дер Миршен дуэтига қарши кортга чиқади.
Германияда M15 таснифидаги «Saarland Open – 2024» мусобақасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Сергей Фомин яккалик учрашувларида АҚШ вакили Феликс Корвинни синовдан ўтказадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА