Ғазо уруши қачон тугайди?
Ўтиб бораётган ҳафта Исроил Ғазо билан бирга Ливанда ҳам урушни давом эттирди. Дастлаб Ливан жанубига ҳужум оқибатида Ҳизбуллоҳ гуруҳининг юқори мартабали қўмондони ҳалок бўлган. Сўнгра бир кун ичида 200 га яқин ракета зарбаси амалга оширилди. Бундай кенг кўламли тўқнашув ўтган йил октябр ойидан буён содир бўлмаганди.
Охирги вақтда Исроил ва Ливан ўртасида жанговар ҳаракат кучайиши ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича музокара якуни яқинлашиб қолганига ишора бўлиши мумкин. Таҳлилчилар фикрича, Исроил Ғазодан кейин ҳарбий эътиборини Ливанга қаратади. Ливан армиясининг истеъфодаги генерали айтишича, яҳудий аскарлар Ғазодаги амалиётни тугатмасдан, ҳарбий ҳаракат ҳудудини кенгайтира олмайди. Ўтган ҳафта Биньямин Нетаньяҳу чегарада қизғин операция тайёрланаётганини айтган.
Сўнгги ҳафталарда “Ҳизбуллоҳ” жанг майдонида илгари ишлатилмаган янги қурол, масалан Исроил қирувчи самолётларини чекинишга мажбур қилган зенит-ракетадан фойдаланган. Бу ҳолат Исроил кучларининг ҳаводаги устунлигини шубҳа остига қўяди.
АҚШ расмийлари “Ҳизбуллоҳ”га қарши таранглик кучайиши асносида Эрон ва минтақадаги бошқа иттифоқчи кучлар жалб қилиниши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Ғазо иқтисодиёти ҳар куни 20 миллион доллар атрофида зарар кўрмоқда. Соҳани ҳаракатга келтирувчи барча кучлар ишдан чиққан. Айни пайт Исроил жангчилари ҲАМАС гуруҳининг сўнгги таянчи – Рафоҳда урушни давом эттиришга ҳозирлик кўрмоқда.
Қўшма Штатлар томонидан илгари сурилган ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган ўт очишни тўхтатиш резолюциясини ҲАМАС яна рад этди. Келишув шарти Газода ўт очишни вақтинча тўхтатиш, кейинчалик доимий тинчликка эришиш, асирларни алмашиш ва ҳудудни тиклашдан иборат. Гуруҳ тинчликка эришишнинг баъзи бандларига ўзгариш киритишни таклиф этган. Қўшма Штатлар бу мавзуга алоҳида тўхталмаган. Шу тариқа келишув номаълум муддатга тўхтади.
Путин қачон урушни тўхтатади?
Украина ЛХР, ДХР, Херсон ва Запорожье вилоятлари маъмурий ҳудудидан қўшинини олиб чиқа бошласа, шунингдек НАТОга қўшилишдан бош тортса, Россия дарҳол ўт очишни тўхтатади. Бу баёнотни Президент Владимир Путин шахсан берган.
– Россия Украина қўшинлари тўсиқсиз ва хавфсиз олиб чиқиб кетилишини кафолатлаш ва музокарани бошлашга тайёр, – деди РФ президенти.
Ушбу чақириқ G7 учрашуви ва Швейцариядаги тинчлик саммити асносида янгради. Украина томони эса бу таклифни рад этди.
13 июнь куни Италияда G7 давлатлари йиғилишида АҚШ ва Украина 10 йиллик хавафсизлик шартномасини имзолади. Ушбу ҳужжат асосида Қўшма Штатлар шеригига ҳарбий тайёргарликда ёрдам беради, аммо жанг майдонига аскар жўнатишни зиммасига олмайди. Украина Япония билан ҳам худди шундай шартнома расмийлаштирди.
Шунингдек, қудратли давлатлар Украина фойдасига музлатилган Россия активларидан 50 миллиард доллар ажратиш бўйича ҳам қарор чиқаришди. Байден шу орқали Путинга кучини кўрсатиб қўймоқчи бўлган. Халқаро ҳуқуққа кўра, бундай тартибда Украинага ёрдам бериш мумкин эмас. Россия Ташқи ишлар вазирлиги айни ҳаракатга жавобан жиддий огоҳлантириш эълон қилди.
Жорий ҳафта Москва ва Минск биргаликда ядро машғулоти ўтказди. Ушбу воқеадан сўнг Европа давлатлари ҳам ядро қуроллари тайёргарлигини кўрикдан ўтказди.
Қочқинлар кўпаймоқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги эълон қилган ҳисоботга кўра, сўнгги 10 йилда камида 117,3 миллион киши ёки бутун дунё бўйлаб ҳар 69 кишидан бири мажбуран кўчирилган. Шулардан 68,3 миллиони ҳарбий можаро ёки бошқа инқироз туфайли мамлакати ичида кўчиб юрган.
Халқаро чегарани кесиб ўтган қочқинлар сони 2023 йил етти фоиз ошиб, 43,4 миллион кишига етди. Ўсиш суръати Судан, Украина ва бошқа минтақаларда давом этаётган низолар билан боғлиқ.
2022 йил бошланган Украина уруши Иккинчи жаҳон урушидан бери энг тез ўсиб бораётган қочқинлар инқирозига олиб келди. Бир йилдан камроқ вақт ичида Украинани 5,7 миллион киши тарк этишга мажбур бўлган. 2023 йил охирига келиб эса 6 миллион украин мажбуран кўчирилди.
Ўтган йил Суданда мамлакат армияси ва бошқа кучлар ўртасидаги рақобат туфайли 1,5 миллион киши қочқинга айланди. Исроилнинг Ғазодаги ҳаракати Фаластин аҳолисига жиддий таъсир кўрсатди. 2023 йил октябридан буён 1,7 миллион киши, яъни аҳолининг 75 фоизидан кўпи сектордан кўчирилган.
Япония санкциясига кирган ўзбек компанияси
Япония Хитой, Ҳиндистон, БАА ва афсуски, Ўзбекистоннинг ҳам айрим компаниялари Россияга қарши санкцияни четлаб ўтгани учун чекловга учради. Бу ҳақда кун чиқар юрт ҳукумати бош котиби Ёсимаса Хаяси Токиодаги матбуот анжуманида маълум қилди.
– Давлатимиз Россияга қарши санкцияни четлаб ўтиш уринишига нисбатан қатъий муносабатда бўлиш муҳим, деб ҳисоблайди, – деган Ёсимаса Хаяси. – Саммитда учинчи давлат тузилмаларига қарши санкция масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилдик.
Шунингдек, у чеклов тилга олинган мамлакатлардаги муайян компанияларгагина тегишли эканини ҳам қўшимча қилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3jLJtTJpvZU" title="G‘azodan Livanga ko‘chgan urush, Qochqinlar va yana Ukraina haqida – Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Сардорбек Поёнов, Дониёр Ёқубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.