Фарғона туманидаги Водил қишлоғи аҳли томорқада йилига икки марта ҳосил берадиган малина етиштиришда бой тажриба тўплаган.
Ҳозирда туманнинг ўн бешдан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида малина етиштирилмоқда. Бу ерлардаги мавжуд 148 гектар майдондаги аҳоли томорқаларидан жорий йил май-июнь ойларида бир ярим минг тоннадан зиёд резавор мева йиғиб олиниши кўзда тутилган.
Хусусан, тумандаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам асосий драйвер йўналиш малиначиликдир. Йилнинг айни июнь ойи малина ғарқ пишган палла ҳисобланади.
– Туманимиз марказида малина савдоси учун мавсумий бозор ҳам ташкил қилинган, - дейди “Бўстон” МФЙ раиси Қодиржон Дадажонов. – Шу йўл орқали фуқароларимизнинг ўз маҳсулотларини сотиш билан боғлиқ бўлган қийинчилик ва ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилмоқда. Бугунги кунда маҳалламизда 743 та хонадоннинг ҳар бирида малина етиштирилади. Териш жараёнларида ишчи кучи етишмай, ҳатто қўшни ҳудудлардан ҳам ёлланма ишчилар жалб қилинади.
Малина шифобахш ўсимлиги оилавий бизнесни ривожлантириш билан бирга оила аъзоларини доимий иш билан таъминлаш, мўмай даромад ҳисобига турмуш фаровонлигини ошириш имконини бермоқда.
Баҳромжон Усмонов ҳам шу маҳалладаги уста томорқачилардан бири. У ўттиз сотихли томорқанинг йигирма сотихида узоқ йиллардан буён малина етиштириб келади. Томорқанинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб, қилаётган меҳнати асло зое кетмайди. Малинадан ташқари помидор, сабзи, картошка экади. Ҳосилга кирган нок, олма, ўрик, гилос, ёнғоқ каби мевали дарахтлар хонадон соҳибининг қанчалик миришкор эканини кўрсатиб турибди.
[gallery-17867]
– Малиначилик билан, чамаси, ўтган асрнинг 70-йилларидан буён шуғулланиб келаман, - дейди Баҳромжон Усмонов. – Малина, энг аввало, парваришни, шу билан бирга, сувни яхши кўрувчи маданий экин ҳисобланади. Шу боис унга меҳр берган киши меҳнатининг самарасини кўраверади. Кейинги йилларда малинадан йилига ўртача 70-80 миллион сўм даромад оляпман. Малинани асосан оилавий – ўғлим, қизим, келиним билан парваришлаймиз. Малина пишиб етилгач, териш учун ёлланма ишчилардан ҳам фойдаланамиз.
– Томорқамнинг 20 сотих майдонида малина етиштираман, - дейди шу маҳалланинг яна бир фуқароси Умиджон Қодиров. – Бу резаворни етиштиришнинг ўз завқи бор. Ерларимизнинг унумдорлиги, ҳавонинг софлиги ҳам малиначиликка мосдир. Шу боис малина етиштиришда қийинчиликларга дуч келмаймиз.
Вақтида керакли миқдордаги минерал ўғитларни кўчатлар остига соламиз ва парваришлаймиз. Эвазига ҳар йили мўл ҳосил оламиз.
Таъкидлаш жоизки, шу кунларда ички бозорларимизда малинанинг бир килоси 20-25 минг сўмдан сотиляпти. 10 сотих ер майдонида малинадан ўртача ҳисобда бир йилда (икки маротаба ҳосил олиши ҳисобига) бир тоннага яқин ҳосил олиш мумкин.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА