“Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосий йўналишларидан бири 2026 йилгача ёшларга талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни ўргатиш орқали камбағаллик даражасини 2 баробарга камайтиришдир. Ушбу мақсадга эришиш йўлида дунёнинг турли халқаро мактаблари Ўзбекистондаги ўрта ва юқори синф ўқувчиларига хорижда ўқиш имкониятини яратмоқда.
Самарқанд халқаро технология университети ҳам мазкур ижтимоий лойиҳани амалга оширишга киришди. Бу борада жорий йилнинг 13 май куни Кореянинг Гимчеон ўрта мактаби билан ўзаро англашув меморандуми имзоланганди.
Ушбу келишувга кўра, университетда кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли мактаб ўқувчилари учун тест синовлари ташкил этилди. Тест синовлари Самарқанд халқаро технология университетининг хорижлик профессор-ўқитувчилари назорати остида ўтказилди.
Ўқувчилар орасидан 4-5 нафар ўқувчи танлаб олинади ва уларга корейс тили, инглиз тили ва математика фанларидан кўп қиррали интенсив таълим берилади. Сўнгра ўқувчилар Гимчеон ўрта мактабига тавсия этилади. Улар орасидан ўқиш ва ўзлаштириш натижаларига асосан фақат уч нафари мактабга ўқишга қабул қилинади.
Танлаб олинган уч нафар ўқувчига Гимчеон ўрта мактаби томонидан стипендия берилади, уларнинг ўқиши, турар жойи, Кореяга бориш чиптаси, дарсликлар билан таъминланиши кафолатланади.
Шунингдек, уларга Корея мактабини тугатганларига қадар уч йил давомида яшаш харажатлари учун қўшимча молиявий ёрдам кўрсатилади. Мактабни тамомлаган ўқувчиларга диплом берилади, мазкур дипломга асосан улар нафақат Корея ва Ўзбекистондаги, балки дунёдаги тараққий этган давлатларнинг олий ўқув юртларида ўқиш ҳуқуқини расман қўлга киритади.
1931 йилда ташкил этилган Гимчеон ўрта мактаби (Gimcheon High School) Кореядаги машҳур ўрта мактаблардан бўлиб, замонавий мутахассисликларни эгаллаган малакали мутахассисларни тайёрлайди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири