Кўксарой қароргоҳида 14 июнь куни мамлакатимизга давлат ташрифини амалга ошираётган Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Мақсад, қараш ва фикрларнинг бир-бирига яқинлиги – самарали мулоқотнинг давомли бўлишини кафолатлайди. Ўзбек ва корейс халқларининг ўхшаш томонлари кўп. Очиқ юзлик, изланиш ва меҳнатдан қочмаслик каби хусусиятлар кўп йиллик қадрият саналади.
Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси етакчиларининг олий даражадаги тарихий учрашуви самарали бўлаётганининг асосида ҳам ана шу муштараклик ётибди.
Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, инвестицион муҳитнинг яхшилангани ва қонун устуворлиги ушбу мамлакат билан муносабатларда ҳам янги саҳифа очди. Биргина мисол, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми кескин ошди. Хусусан, ўтган йил бу рақам рекорд даражага – 2,5 миллиард долларга етди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда икки давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олди ва шоҳсупага таклиф қилди. Давлат мадҳиялари янгради.
Ҳарбий оркестр садолари остида етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар ҳамда расмий делегациялар аъзоларини бир-бирларига таништирдилар.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлаб, дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 32 йиллиги ва Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклик муносабатларининг беш йиллиги билан чин дилдан табриклади.
Учрашув чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, технологик ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг етакчи савдо ва инвестиция ҳамкорларидан бири эканлиги таъкидланди. Ўтган йили товар айирбошлаш 2,5 миллиард долларни ташкил этди, корейс инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошди. Туристлар оқими ортиб бормоқда, Тошкент ва Сеул ўртасида бир ҳафтада 10 та авиапарвоз амалга оширилмоқда.
Ҳамкорлик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, йирик юқори технологик лойиҳаларни аниқлаш ва илгари суриш учун янги шериклик моделини шакллантириш юзасидан келишувга эришилди.
Маданий-гуманитар алмашинув самарали ривожланаётгани юқори баҳоланди. Республикамизда Корея етакчи олийгоҳларининг 4 та филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўз навбатида, Жанубий Кореяда 11 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба таълим олмоқда.
Корея маданияти уйи, Кўп тармоқли болалар клиникаси, Тошкентдаги Сеул боғи ва Сеул кўчаси дўстлик ва ҳамкорликнинг ҳақиқий рамзига айланди.
Президентлар халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашнинг аҳамиятини таъкидладилар.
Шунингдек, минтақавий, жумладан, "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хавфсизлик ва мудофаа соҳасида, хусусан, кибержиноятлар, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича яқин алоқаларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг барча соҳалари ва йўналишларини қамраб олган алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
– Кенг делегациянгиз билан Ўзбекистонга амалга ошираётган давлат ташрифингизни юртимиз ва минтақамиз билан кўп қиррали ҳамкорлик ривожига катта эътиборнинг яна бир тасдиғи сифатида қабул қиламиз, – деди Президентимиз.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг жадал ва инновацион ривожланишида асосий шериклардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда энергетика, кимё, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа соҳаларда 726 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Музокаралар чоғида келгуси уч йил учун Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари буни “Икки мамлакатнинг юқори технологияли ва инновацион ҳамкорлигининг янги даври” деб эълон қилиш ташаббуси билан чиқди.
Шу муносабат билан ҳукуматларга Ўзбекистонда минтақавий юқори технологик хаб яратиш бўйича стратегик дастурни тайёрлаш топширилди.
Айни пайтда стратегиянинг туб йўналишлари сифатида бир қатор устувор соҳаларда ҳамкорлик қилиш таклиф этилди.
Биринчидан, ўта муҳим минерал ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик. Бу ресурс базасини чуқур қайта ишлаган ҳолда қўшилган қийматнинг тўлиқ занжирини яратишни назарда тутади.
Иккинчи. Корея Республикаси анъанавий равишда глобал етакчилардан бири ҳисобланган яримўтказгичлар соҳасида стратегик ҳамкорлик. Бу борада мамлакатимизда минтақада биринчи яхлит илмий-ишлаб чиқариш кластерини барпо этиш режалаштирилган.
Учинчи. Кимё саноатида кенг кўламли ҳамкорлик. “Яшил” водород ва аммиак ишлаб чиқариш, шунингдек, тайёр резинотехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар тайёрланган.
Тўртинчи. Машинасозликда кооперацияни чуқурлаштириш. Жорий йил баҳорида Жиззах вилоятида KIA автомобилларини йиғиш линияси ишга туширилди. Келгуси йилда йилига 60 мингдан ортиқ седан ишлаб чиқаришни бошлаш режалаштирилган.
Бешинчи. “Ақлли” қишлоқ хўжалигини яратишга технологияларни жалб қилиш, шу жумладан, аграр тармоқни рақамлаштириш, "ақлли" ва "яшил" технологияларни жорий этиш.
Мамлакатимиз ҳудудларида қайта тикланадиган энергия манбалари асосида замонавий иссиқхона хўжаликлари ва боғдорчилик мажмуаларини барпо этиш юзасидан келишувларга эришилган.
Олтинчи. Инфратузилмани модернизация қилиш ва шаҳарсозлик дастури. Корея банклари ва компанияларининг транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида турар жой ва тижорат объектларини лойиҳалаштириш ва қуришга қизиқиши юқори экани таъкидланди.
Еттинчи. Замонавий ва хавфсиз энергетика. “Яшил” энергетика ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун томонлар энергетика вазирлари даражасида стратегик мулоқотни қайта тиклашга ва унинг навбатдаги йиғилишини яқин орада Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олдилар.
Корея Эксимбанки ва EDCF жамғармаси билан шериклик муваффақиятли бўлаётгани мамнуният билан қайд этилди, улар билан қўшма лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошган.
EDCF жамғармаси доирасида 2 миллиард долларлик янги лойиҳалар, жумладан, юқори тезликдаги электр поездларни етказиб бериш, "Тошкент Фарма Парк" лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш ва таълим муассасаларини жиҳозлаш бўйича келишувга эришилган.
Ҳозирги саммитга тайёргарлик кўриш жараёнида юқоридаги йўналишлар бўйича 9,6 миллиард долларлик янги лойиҳалар портфели шакллантирилгани мамнуният билан қайд этилди.
Президентлар маданий-гуманитар алмашинувни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.
Самарали шерикликнинг яққол мисоли Корея томони билан ҳамкорликда қурилган замонавий кўп тармоқли болалар клиникаси ҳисобланади.
Музокаралар чоғида катталар учун шифохона, онкологик клиника ва қўшма университетни ўз ичига олган тиббий кластер лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, Кореянинг ихтисослаштирилган марказларида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича узоқ муддатли дастур ишга туширилади.
Таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўпланган. Ўтган йилнинг мартида биринчи Ўзбекистон-Корея ректорлари форуми бўлиб ўтди. Келгуси йили навбатдаги учрашув ўтказилади.
Ўзбекистонда Корея фан ва технологиялари институти (KAIST) модели асосида институт ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, Корея Давлат бошқаруви институти ва Миллий инсон ресурслари институти билан ҳамкорликда Тошкентдаги Давлат бошқаруви академияси қошида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ўқув марказини очиш режалаштирилган.
Кореялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда корейс тилини ўрганиш дастурларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
KOICA кўмагида Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз, Фарғона ва Урганчда очилган профессионал таълим марказларида ўзбекистонлик фуқаролар муваффақиятли тайёрланаётгани қайд этилди.
Корея томони молиявий-техник кўмакни жалб қилган ҳолда бундай марказлар тармоғини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам очишга тайёрлигини билдирди.
Икки халқни янада яқинлаштириш мақсадида келгуси йилни “Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш ва ўзаро маданий тадбирларни ўтказиш таклиф қилинди.
2027 йилда Ўзбекистонда корейс диаспораси истиқомат қилаётганининг 90 йиллиги кенг нишонланади.
Президентлар бу тарихий санага атаб Тошкент шаҳридаги Корейс маданияти ва санъати уйида музей ва кутубхона очишга келишиб олдилар.
Давлатимиз раҳбари "Электрон ҳукумат"ни ривожлантириш, "Рақамли Ўзбекистон" стратегиясини ишлаб чиқиш, IT-парк салоҳиятини мустаҳкамлаш ва "U-Enter" бизнес инкубаторларини яратишда Корея томонининг катта ҳиссасини қайд этди.
Бу борада томонлар сунъий интеллект, бизнес жараёнларини аутсорсинг қилиш ва рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, экология, меҳнат миграцияси ва бошқа муҳим йўналишларда аниқ таклифлар кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича аниқ муддатлар ва амалга ошириш механизмлари белгиланган "йўл хариталари"ни қабул қилишга топшириқ бердилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль ўртасида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди.
Давлат раҳбарлари Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар.
Давлат ташрифи доирасида жами 17 та ҳужжат, шу жумладан:
– Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳукуматлараро битим;
– Корея Экспорт-импорт банки ва "Hyundai Rotem" компанияси билан тезюрар электр поездларини харид қилиш ва етказиб бериш тўғрисида битимлар;
– Корея Экспорт-импорт банки билан ўрта мактаблар учун фан, ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини етказиб бериш тўғрисида битим;
– «Тошкент Фарма Парк» инновацион фармацевтика кластери лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим;
– Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
– ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Жаҳон савдо ташкилоти доирасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув;
– Ўзбекистон ҳудудларида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув;
– Ўта муҳим минераллар соҳасида шериклик тўғрисида келишув;
– Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея қўшма қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида келишув;
– Малакали ва профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
– “Ўзсаноатқурилишбанк” АЖ билан Корея Экспорт-импорт банки ўртасида банклараро мастер-кредит линияси тўғрисида битим имзоланди.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот билан чиқдилар.
Етакчилар очиқ ва дўстона муҳитда, конструктив ва ишончли мулоқот руҳида ўтган учрашувлар натижаларини юқори баҳоладилар.
Давлатимиз раҳбари Корея жаҳонда жадал тараққий этиб бораётган мамлакатлардан бири, Ўзбекистоннинг вақт синовларидан ўтган алоҳида стратегик ҳамкори эканини таъкидлади.
– Корея давлати биздан анча олисда жойлашган бўлса-да, халқларимизнинг урф-одат ва қадриятлари, маънавий олами ва дунёқараши бир-бирига ўхшашдир. Биз яқин дўст сифатида олижаноб ва бағрикенг корейс халқи эришаётган катта муваффақиятлардан беҳад қувонамиз ва фахрланамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон раҳбари корейс ҳамкасби билан музокаралар чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари белгилангани, янги режа ва марралар олинганини таъкидлади.
Ҳамкорликнинг барча механизмларига тизимли тус бериш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ўзаро савдода мувозанатни таъминлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу маънода Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўмита ва ташқи сиёсат идоралари ўртасида Стратегик мулоқотнинг биринчи йиғилиши натижалари юқори баҳоланди.
Ўзбекистон раҳбари Корея Президенти билан бирга мамлакатимизга катта ишбилармонлар делегацияси келганини мамнуният билан таъкидлади.
Бизнес форумда Кореянинг 80 дан ортиқ етакчи компаниялари иштирок этаётгани ва 9,6 миллиард долларлик янги лойиҳалар тўплами тайёрлангани савдо-иқтисодий ҳамкорликка кучли туртки беришига ишонч билдирилди.
Яқин йилларга мўлжаллаб Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш зарурлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари корейс компаниялари билан ҳамкорликнинг айрим устувор йўналишларига тўхталиб ўтди.
Масалан, ўта юпқа мис фольгаси, “яшил” водород, аммиак, агрокимё, яримўтказгичлар ва электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича келишувлар мавжуд. Ўзбекистон автомобиль русумлари қаторини кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришдан манфаатдор. Қишлоқ хўжалиги соҳасида Кореянинг “яшил” ва “ақлли” технологияларини трансфер қилиш бўйича аниқ келишувларга эришилган.
Корея компаниялари давлат-хусусий шериклик асосида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этади.
Давлат раҳбарлари икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўзбекистоннинг анъанавий ҳамкорлари – Эксимбанк, EDCF жамғармаси ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан шерикликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
EDCF билан умумий қиймати 2 миллиард доллар бўлган янги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштириш бўйича битимлар имзолангани мамнуният билан қайд этилди.
Томонлар, шунингдек, касбий таълим ва меҳнат миграцияси, экология ва иқлим ўзгариши соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Музокаралар чоғида етакчилар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан позициялар ўхшашлигини тасдиқладилар.
Давлатимиз раҳбари келгуси йил Сеулда “Марказий Осиё – Корея” форматидаги биринчи саммитни ўтказиш таклифини маъқуллади ва Президент Юн Сок Ёлнинг Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича қатъий қадамларини қўллаб-қувватлади.
Маданий-гуманитар соҳада томонлар 2025 йилни “Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги алмашинувлар йили” деб эълон қилишга келишиб олдилар. Унинг доирасида ўзаро маданият ҳафталиклари, ёшлар, таълим, тил ва спорт форумлари, санъат ва ҳунармандчилик кўргазмалари, туризм тадбирлари ўтказилади.
Умуман, Ўзбекистон ва Корея Президентлари замонавий шароитларда ҳамкорликнинг янги моделини яратишга келишиб олдилар.
– Ўзаро муносабатларимизда “Юқори технологик ва инновацион ҳамкорликнинг янги даври” бошланмоқда. Бугун имзоланган Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот ва йигирмага яқин бошқа ҳужжатлар бу эзгу ниятларимизга хизмат қилишига аминман, – деди давлатимиз раҳбари.
Қўшма режаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тезлаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари лойиҳаларни назорат қилиш ҳамда кўмаклашиш бўйича кўп босқичли механизмни жорий этишни таклиф қилди.
Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги олий даражадаги музокаралар якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экдилар.
Маросим халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув мустаҳкамланаётгани, икки мамлакат етакчиларининг Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қатъий интилишининг рамзий ифодаси бўлди.
Сўнг Президентлар Тошкент шаҳридаги Технопаркка ташриф буюрдилар.
Олий мартабали меҳмонга Технопарк корхоналарида ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар, жумладан, Жанубий Кореянинг «Samsung Electronics» компанияси технологияси асосида тайёрланаётган техника намуналари намойиш этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган саноат мажмуасида умумий қиймати 365 миллион доллар бўлган 16 та ишлаб чиқариш қуввати жойлашган. Бу йил логистика маркази иш бошлайди.
Маҳсулотлар хорижий брендлар остида ва уларнинг назоратида ишлаб чиқарилади, ички ва ташқи бозорларда катта талабга эга. Улар 10 та давлатга экспорт қилинмоқда.
Президентлар икки мамлакат етакчи корхоналари кооперациясини кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш, илғор технологиялар ва инновацияларни трансфер қилиш муҳимлигини таъкидладилар.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль Ўзбекистон – Корея бизнес форумида иштирок этди.
Корея томонидан тадбирда SK Group, Lotte Corporation, KOGAS, POSCO, Samsung, LG, Hyundai, KIA, Doosan, BoMI, Эксимбанк, EDCF жамғармаси, Корея тараққиёт банки каби 80 дан ортиқ етакчи компания ва банк-молия институтлари раҳбарлари қатнашди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Корея Республикаси Ўзбекистоннинг анъанавий ва йирик савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.
Олий даражадаги музокаралар чоғида етакчилар савдо ва инвестицияларни кўпайтириш чораларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида келишиб олдилар.
Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда Корея Республикаси Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноатини модернизация қилишда муҳим ҳамкорга айланганини таъкидлади. Бугунги кунда Кореянинг етакчи компаниялари ва банклари билан 5 миллиард долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
POSCO компанияси билан тўқимачилик кластери, Эксимбанк ва CNT билан кўп тармоқли болалар клиникаси, Shingdong Enercom билан кремнийни қазиб олиш ва қайта ишлаш каби лойиҳалар бу борадаги муваффақиятли шерикликка мисол бўлади.
Президентимиз Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар ортга қайтмаслигини алоҳида таъкидлади.
– Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигининг салоҳияти жуда юқори. Бизнинг иқтисодиётларимиз бир-бирини самарали тўлдиришга қодир, – деди Президент.
Шу нуқтаи назардан келгуси ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Аввало, стратегик хомашёни илғор технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш ва юқори қийматли маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилиш.
Бу борада муҳим қадам сифатида ўта юпқа мис фольгани биргаликда ишлаб чиқариш бўйича битим имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон – Корея нодир металлар илмий-технологик маркази фаолиятини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.
Электротехника саноатидаги шериклик доирасида Тошкент вилоятида Марказий Осиёда биринчи яримўтказгичлар кластерини барпо этиш ҳамда электротехника ва техник кремний ишлаб чиқариш бўйича кооперацияни кенгайтириш режалаштирилган.
Ўзбекистон кимё соҳасида корейс бизнеси билан стратегик шерикликни ривожлантириш ниятида. “Яшил” водород, аммиак ва каучук маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалари қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, ташриф доирасида Эксимбанк ва KOICA кўмагида Кимё технологиялари марказини ташкил этишга старт берилмоқда.
Ўзбекистон Кореянинг инфратузилма ва шаҳарсозлик соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганишдан манфаатдор. Бу борада корейс ҳамкорларнинг давлат-хусусий шериклик асосида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари корейс ишбилармон доиралари вакилларига Ўзбекистон Ҳукумати барча келишувларни ўз вақтида ва самарали амалга оширишда фаол қўллаб-қувватлашини айтди.
Шу мақсадда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва илгари суришнинг янги тизими жорий этилиши эълон қилинди.
Ўз навбатида, Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли шериклик кўламини кенгайтириш учун ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари