Жорий йилнинг 14 июнь ҳолатига кўра 20 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига Адлия вазирлигининг экспертиза хулосалари олинди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий тадқиқот институти директори Шерзод Содиқов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
Президентимизнинг 2023 йил 28 августдаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланган.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда шаҳарсозлик норма ва қоидаларининг ўз вақтида, сифатли ишлаб чиқилиши ҳамда тасдиқланишини ташкил этиш асосий устувор йўналишлардан ҳисобланади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 29 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида эскирган 105 та техник-норматив ҳужжатларни илғор хорижий тажриба асосида қайта ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.
Жорий йилнинг 14 июнь ҳолатига кўра 20 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига Адлия вазирлигининг экспертиза хулосалари олинди. Шунингдек, 4 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари кўриб чиқилмоқда. 21 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари идоравий келишувдан ўтказилмоқда. 2 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари идоравий келишувдан ўтказилди, вазирлик буйруғи расмийлаштирилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот (ISO)нинг ёғоч конструкциялар, пўлат ва алюминий конструкциялар, керамик плитка, табиий тошлар, бетон ҳамда эшик ва ромлар сингари маҳсулотлар учун халқаро стандартларни ишлаб чиқувчи 6 та техник қўмиталарига аъзолик таъминланди.
Мазкур амалга оширилган ишлар натижасида халқаро стандартларга маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг талаб ва таклифларини киритишга, миллий маҳсулотларимизнинг жаҳон бозорларига тўсиқсиз кириб боришига замин яратилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА