Президентимизнинг 2020 йил 12 майда «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги фармонининг қабул қилиниши ушбу тизим фаолиятини такомиллаштиришга кенг йўл очди.
Хусусан, молиявий секторни изчил ислоҳ қилиш давомида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди ва натижада илғор банк бизнесини юритиш ҳамда ушбу секторда рақобат муҳитини кучайтириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти етакчи мутахассиси Умида Мамасалаева мамлакатимиз банк тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, активлар, кредитлар ва депозитлар юзасидан эришилган натижаларга доир саволларимизга жавоб берди.
– Банк тизимини такомиллаштиришда кейинги йилларда яратилган ҳуқуқий меъёрларнинг аҳамияти қандай бўлди?
– Бугунги глобал ўзгаришлар жараёнида нафақат молиявий ташкилотлар, балки барча соҳаларда ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани ҳаётий заруратдир. Негаки, барча йўналишда талаб ва таклифлар бир жойда тўхтаб қолмайди, аксинча, эҳтиёжларга қараб ўзгариб боради.
Бугун шу сабабли, аксарият соҳаларнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш учун янги ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқиляпти. Бундан банк тизими ҳам мустасно эмас.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги ҳамда «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги янгиланган қонунлари қабул қилиниши ҳам халқаро стандартларга мувофиқ келадиган ва молиявий соҳага хорижий инвестициялар киритиш учун жозибадор ҳуқуқий муҳитни яратиш билан боғлиқдир.
Бундай имкониятлар эса банкларга молия бозорида тенг рақобат шароитларини яратди. Кредитлашни фақат бозор шартлари асосида амалга ошириш, банкларнинг давлат ресурсларига қарамлигини пасайтириш, банк хизмати кўрсатишни модернизация қилиш, банкларнинг самарали инфратузилмасини яратиш ва фаолиятини автоматлаштириш жараёнларида яхши натижа берди.
Буни бугун банк фаолиятига иши тушган ҳар бир мижоз яхши билади ва унинг имкониятидан кенг фойдаланмоқда.
– Шу ўринда, банк тизимидаги рақобат даражасига тўхталиб ўтсангиз. Давлат улушининг камайиши қандай кечмоқда?
– Бугун таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, банк тизимида рақобат даражаси кучаймоқда.Жорий йилнинг 1апрель ҳолатига кўра, тижорат банкларининг жами активлари ҳажми 665,6 триллион сўмга етиб, йил бошидагига нисбатан 13,5 триллион сўмга, 2023 йилнинг 1 апрель ҳолати билан таққослаганда эса 101 триллион сўмга ошганини кўриш мумкин.
Давлат улуши мавжуд бўлган банкларнинг жами активлардаги улуши 1 фоиз бандга камайиб, 67 фоизни ташкил қилди. Жумладан, «Асакабанк»нинг жами активлардаги улуши 0,6 фоиз бандга (8,90 фоиздан 8,27 фоизга), «Ўзмиллийбанк»ники 0,5 фоиз бандга (19,55 фоиздан 19,01 фоизга) ва «Микрокредитбанк»ники 0,1 фоиз бандга (2,92 фоиздан 2,84 фоизга) камайган.
Кредит қўйилмалари бўйича ҳисобланганда, ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 69 бирликка яхшиланган. Давлат улуши мавжуд бўлган банклар томонидан ажратилган кредитларнинг жами банк тизими кредитларидаги улуши 1 фоиз бандга пасайган.
Таҳлиллардаги бундай кўрсаткичлар банк фаолиятида рақобат даражасининг кучаяётганини кўрсатади.
– Ажратилган кредитлар ҳажмининг ошиши рақобат ва инфляцияга қандай таъсир кўрсатади? Умуман, бу каби банк операциялари бир-бирига боғлиқми?
– Албатта, тизимдаги ҳар бир жараён бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Шу ўринда, яна натижаларга аҳамият қаратайлик. Таҳлил даврида тижорат банкларининг жами кредитлар қолдиғи 1,5 фоизга ўсиб, 478 триллион сўмни ташкил этди. Жумладан, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ўтган йилнинг биринчи чораги билан таққослаганда 40 фоизга ошган. Бунда таълим кредитлари ҳажми 97 фоизга, истеъмол кредитлари ҳажми 66 фоизга, микроқарзлар ҳажми 64 фоизга ва ипотека кредитлари ҳажми 24 фоизга ўсган.
2024 йилнинг март ойида миллий валютада ажратилган кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари декабрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 0,4 фоиз бандга пасайиб, 23,6 фоизни ташкил этди. Бу эса ўз навбатида кучли рақобат билан биргаликда инфляция даражаси барқарорлашувини кўрсатади.
– Омонатлар, яъни депозитларнинг банк ишида ўрни қандай?
– 2024 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, депозитлар ҳажми 243 триллион сўмни ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан қарийб 30 триллион сўмга кўпдир.
Хусусий ва чет эл капитали иштирокидаги банклар томонидан жалб қилинган депозитларнинг жами жалб қилинган депозитлардаги улуши ўтган йилнинг биринчи ва тўртинчи чоракларида мос равишда 39 ва 49 фоизни ташкил қилган бўлса, 2024 йилнинг биринчи чорагига келиб, 50 фоизга етди. Жумладан, «Капиталбанк» улуши 0,6 фоиз бандга (12,45 фоиздан 13,08 фоизга), ЎзКДБ (2,6 фоиздан 3 фоизга) ва «Анорбанк» улуши (1,5 фоиздан 1,9 фоизга) 0,4 фоиз бандга ошган.
Таҳлил даври натижаларига асосан депозитларнинг долларлашув даражаси 29,8 фоизни ташкил этди. Миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкалари 2024 йилнинг биринчи чорагида 2023 йилнинг декабрь ойидагига нисбатан 0,2 фоиз бандга ошиб, 19,9 фоизни ташкил қилди. Депозит фоиз ставкаларининг ошиши банклар ўз мижозлари учун янада жозибадор шарт-шароитларни таклиф қилишга интилаётганидан ва рақобат даражаси кучайганидан далолат беради.
Якуний хулоса сифатида айтиш мумкинки, бу кўрсаткичлар шунчаки рақамлар эмас, балки тизимдаги ислоҳотлар ва яратилган жозибадор ҳуқуқий муҳитнинг амалий самарасидир.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.