Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзловчи сиёсати туфайли Ўзбекистон ва Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларида дўстона алоқаларга янгича руҳ берилмоқда.
Шу кунларда Озарбайжон томонининг таклифига биноан OʼzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов бошчилигидаги партия делегацияси Боку шаҳрида бўлиб турибди. Ташрифнинг биринчи кунида раис ўринбосари – «Янги Озарбайжон» партияси Марказий аппарати раҳбари Т.Я.Будагов билан учрашув бўлиб ўтди, дейилади OʼzLiDeP матбуот хизмати хабарида.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо ҳажмининг ортиб бораётгани, истиқболли соҳаларда кооперация лойиҳаларининг муваффақиятли амалга оширилаётгани юқори баҳоланди.
Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида партиялараро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги ижобий тенденциялар алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда «Янги Озарбайжон» партиясининг раҳбарияти билан самарали ҳамкорлик ўрнатилди. ЎзЛиДеПнинг Боку шаҳрига ушбу ташрифи «Янги Озарбайжон» партияси билан партиялараро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Хусусан, Озарбайжон-ўзбек дўстлигини аниқ партиявий мазмун билан тўлдириш мақсадида ЎзЛиДеП ва «Янги Озарбайжон» партиялари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу партиялар ўртасидаги дўстлик, ишончли ҳамкорлик, ўзаро ҳурматнинг юксак ифодасидир.
Айни пайтда ушбу Меморандумнинг имзоланиши «Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларация»нинг амалга оширилишига хизмат қилади.
Ушбу муҳим ҳужжатнинг имзоланиши партия бўйича ҳамкорлар ва икки мамлакат экспертлари ўртасида давлатлараро муносабатларнинг долзарб масалалари бўйича мулоқотини янада чуқурлаштириш тенденцияларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шу орқали ислоҳотлар жараёни учун алоҳида масъулият юкланган партиялар ўртасида янги ҳамкорлик жараёни ишга тушмоқда.
Хулоса ўрнида шуни қайд этамизки, ЎзЛиДеП делегацияси «Янги Озарбайжон» партиясининг таклифига биноан, яқин кунларда Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти мавзусига бағишланган конференцияда иштирок этади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА