Давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турган Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль Бош вазир Абдулла Арипов ҳамроҳлигида пойтахтимиздаги "U-ENTER" инновацион тадбиркорлик марказида бўлди.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Корея ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш агентлигининг қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган "U-ENTER" инновацион тадбиркорлик маркази Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси асосида ўзбекистонлик ёш тадбиркорларга ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишлари учун ҳар томонлама кўмак беришга мўлжалланган.
[gallery-17832]
Мазкур марказ startapларни қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш ва имкониятларни кучайтириш орқали Ўзбекистон Startap экотизимини жонлантириш, тажрибалар билан ўртоқлашиш, Корея Startapларининг Марказий Осиёга кириши учун асос бўлиб хизмат қилади.
Дунё мураккаб глобал инқирозга юз тутаётган даврда ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва бу йўлда самарали лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мамлакатлар тараққиёти учун муҳим саналади.
Президент Юн Сок Ёль марказда Ўзбекистон ёшлари билан самимий суҳбатлашди.
Корея Президенти Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўзининг самимий дил сўзларини ёзиб қолдирди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА