Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Хўжаидод маҳалласи туман марказидан 65 чақирим узоқда осмонўпар тоғлар қўйнида, денгиз сатҳидан икки минг метр баландликда жойлашган. Қўрғонча, Назари, Гулибоғ, Шохтут қишлоқларидан таркиб топган маҳаллада 1 минг 420 дан ортиқ киши истиқомат қилади. Маҳалла фарзандлари 145 ва 120 ўринли иккита мактабда таълим-тарбия олади.
Йилнинг тўрт фаслида ҳам оппоқ қор билан ястаниб турадиган тоғ чўққисига туташ қишлоқлар аҳолиси боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Олма, нок, ёнғоқ, гилос каби меваларни парваришлайди. Болдек ширин асал етиштиради. Чорва моллари боқади.
Ёзнинг чилласида ҳам майин эсиб турадиган шабада димоққа оппоқ қор ва тоғ арчалари, турли гиёҳлар ифорини таратиб, инсонга хуш кайфият улашади. Шифобахш гиёҳлардан озиқланган чорва моллари қатиғи, муздеккина зилол сувлари кишини беихтиёр тетиклаштириб, қалбларга ўзгача қувонч улашади. Турфа гуллар шарбатидан олинган асал минг бир дардга шифо бўлади.
[gallery-17820]
– Бойсундан салқин бу гўшагача транспортда икки соатдан кўпроқ йўл босилади, – дейди Хўжаидод маҳалласи раиси Толиб Норов. – Келган меҳмонлар гўзал манзараларга мафтун бўлиб, табиат қўйнида мириқиб дам олади. Тоза, салқин ҳавосидан нафас олгач, қушдек енгил бўлиб қолади. Бу ернинг табиати кеч уйғонгани учун мевалар ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан андак кечроқ пишади. Мана, Бойсунда ҳам гилос пишиб қолганига анча бўлди. Эртаги олмалар ҳам пишиб, етилди. Бизда эса гилосга ранг кириб, олмалар энди гулдан қайтди.
Хўжаидодликларнинг айтишича, бу ерларнинг тарифу тавсифини минг марта эшитгандан кўра, шу кунларда бир марта келиб, меҳмон бўлса ўзгача завқу шавқ олади. Самимий, соддадил, мард тоғ одамлари ва сиру синоатга тўла табиати билан меҳр уза олмайдиган яқин дўст бўлиб қолади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири