“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикасида Озарбайжон маданияти кунларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан мазкур муҳташам саройга кенг жамоатчилик вакиллари, адабиёт, санъат намояндалари, миллий маданият марказларининг фаоллари, ижодкор ёшлар таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Тантанали тадбирда таъкидланганидек, икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталари кўп асрлик тарихга эга. Кейинги йиллар давомида мамлакатимиз ҳамда Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамкорлик, қондошлик, қардошлик ришталари тобора мустаҳкамланиб, янгича тараққиёт босқичига қадам қўйди.
[gallery-17794]
Бунда икки давлат раҳбарлари - Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг ташаббуслари, сиёсий иродаси ҳамкорликнинг янги уфқларини белгилаб бергани шубҳасиздир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ўтган йили Озарбайжон умуммиллий лидери Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Қардош халқ миллат етакчиси хотирасига бағишлаб тантанали тадбирлар, китоблар тақдимоти, кўргазмалар юксак савияда бўлиб ўтди.
Шунингдек, Озарбайжон Республикасида ҳам Ўзбекистон маданияти, илм-фани кунлари баланд руҳда ўтказилди.
Эндиликда ўзбек ёзувчи ва шоирлар китобларининг қардош юртдаги тақдимоти, рассомларимиз кўргазмалари, концертлари Озарбайжонда мунтазам равишда ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда қардош халқнинг маданияти ва санъатига ўзгача ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлинади. Озарбайжон халқининг адабиёти, санъати юксак қадрланади.
Икки қардош юртнинг зиёлилари маданий-маърифий алоқаларни тобора мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Юртимизда бошланган Озарбайжон маданияти кунлари бунинг яна бир амалий ифодасидир.
Уч кун давомида пойтахтимизда адабий учрашувлар, китоб тақдимотлари, спектакль намойишлари, маданий-маърифий дастурлар, кўргазмалар, тақдимотлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Очилиш маросимида қардош халқнинг санъат усталари ва ижрочи ёшлари, етакчи бадиий жамоалари ижросида катта концерт дастури намойиш этилди.
Қардошларимизнинг бетакрор, ғоят завқли ва гўзал мусиқий дастури ўзбекистонлик санъат мухлисларига манзур бўлди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА