Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида “Agro In Vitro” лойиҳаси татбиқ этилди.
Шу муносабат билан мазкур туманда ишга туширилган “Agro In Vitro” комплексида бўлиб ўтган лойиҳа тақдимотида соҳанинг маҳаллий ва халқаро миқёсдаги малакали мутахассислари, деҳқон ва фермерлар, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда бутун дунёда, хусусан, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи долзарб эканлиги ва сўнгги технологиялар асосида “Agro In Vitro” лойиҳасининг татбиқ этилиши бу борада муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Замонавий қулайликларга эга лойиҳа 20,4 гектар ҳудудда намунавий кўчатлар етиштиришга мўлжалланган лаборатория комплекси ишга туширилди.
Ушбу лойиҳанинг мақсади ҳосилдорлиги юқори, кафолатланган, экспортбоп ҳамда замонавий селекция, генетика технологиялари асосида кўчатлар етиштириш ва албатта, юртимизда мева-сабзавотларни янги, серҳосил навларини кўпайтиришдан иборатдир.
– Президентимиз томонидан ҳосилдорлик ва самарадорликни ошириш, қолаверса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида “Агробанк” қишлоқ қишлоқ хўжалиги соҳасига қаратилган ўзининг экотизимини яратган. “Агробанк” томонидан яна бир илм ва инновацияларга асосланган қишлоқ хўжалигига оид экотизим лойиҳамизни намойиш этдик. “Agro In Vitro” комплекси Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида жойлашган бўлиб, у 20 гектар майдонни ўз ичига олади. Мазкур лойиҳа қиймати 20 миллион долларни ташкил этади. Бу жараёнда 40 турдаги 5 мингдан зиёд кўчатни хорижий давлатлардан, жумладан, Испания, Италиядан олиб келдик. Ушбу оналик кўчатларни парваришлаш ва кўпайтириш орқали кейинги йиллар давомида юртимиз деҳқонларига юқори навли сертификатланган ва ҳосилдор кўчатлар етказиб берилади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, комплекснинг 2 гектар майдонида Европа Иттиофқи, яъни Нидерландиядан охирги фан ютуқларига асосланган иссиқхона барпо этилди. Унда кўчатларни ривожлантиришнинг барча босқичлари амалга оширилади, – деди “Агробанк” АТБ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари в.б. Э.Қаҳҳоров.
Маълум қилингани каби мазкур лойиҳа мамлакатимизда кўчат етиштиришга янгича ёндашувни жорий қилади. Хусусан, “Agro In Vitro” лабораторияси ўз соҳасида етакчи бўлган Европа (Нидерландия) компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бу ерда Европа (Нидерландия) компаниясининг технологияси асосида автоматлашган сунъий микро-иқлим муҳитини яратувчи, ойнаванд сўнгги 5-авлод иссиқхонаси бунёд этилган.
Қозоғистон миллий аграр тадқиқот университетининг Ўсимликларни микроклонал кўпайтириш лабораторияси мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Серике Жантасов лойиҳа ҳақида қуйидагича фикр билдирди.
– “Agro In Vitro” юқори технологияларга асосланган саноат усулида кўчат ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлиб, назаримда МДҲ ҳудудида эталон лойиҳа ҳисобланади. Унинг коллекциясида жаҳон селекциясидаги сўнгги йилларда яратилган навлар мавжуд. Келгусида “Agro In Vitro” комплекси Марказий Осиёда янги замонавий интенсив боғлар ташкил этишда катта ҳисса қўшади. Биз ушбу йўналишда яқиндан ҳамкорлик қилиш истагини билдирамиз, –деди С. Жантасов.
К.И.Скрябин номидаги Қирғиз миллий аграр университети лаборатория мудири, биотехнолог Максат Аҳмеджоновнинг сўзига кўра, “Agro In Vitro” комплекси вирусдан холи материаллардан тайёр кўчат ҳолига келтириб, ишлаб чиқариш циклининг барча занжирини ўзида мужассам этган.
–Тўғрисини айтиш керакки, бу каби лабораториялар МДҲ давлатлари, қолаверса, Европа давлатлари учун ҳам орзу, деб ҳисоблайман. Чунки бу комплексга энг сўнгги юқори технологиялар келтирилган. Бу эса боғдорчилик ва узумчилик тармоғининг шиддат билан ривожланиши, келгусида Марказий Осиё давлатларининг мева ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилишда юқори босқичга олиб чиқиш учун катта имкониятдир, –деди у.
Иссиқхона ва очиқ ирригация тизими соҳасида 18 йилдан ортиқ тажрибага эга мутахассис Илья Краснощёков (Gakon Netafim, Нидерландия) ушбу лойиҳани юқори баҳолади.
–Лойиҳа микроиқлим назоратини таъминлаш, уни тўлиқ автоматлаштириш, санитария меъёрлари, суғориш сувини фильтрлаш ва дезинфекция қилиш, мослашиш зоналари ва сувни зарарсизлантириш бўйича энг илғор технологияларни бирлаштирган. Мажмуа йилига 10 миллион тупгача узум ва мевали дарахт кўчатларини етиштириш имконини беради. Ушбу натижага эришиш учун қишда қаттиқ микроиқлим назорати (+28 C) ва ёзда зарур совутиш таъминланади, –деди И. Краснощёков.
“Agro In Vitro” лабораториялар учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиси бўлган компания гуруҳи (“Viscon Group”, Нидерландия) вакили Алексей Курбонаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда кўчатларни замонавий лабораторияларда етиштиришнинг катта имкониятлари мавжуд.
–Бу йўналишда 5 йиллик фаолиятим давомида турли мамлакатлардаги лабораторияларда бўлдим. Ишонч билан айта оламанки, “Agro In Vitro” лойиҳасининг татбиқ этилиши туфайли Ўзбекистон ҳам ишлаб чиқариш қуввати, ҳам технологик жиҳозлаш бўйича МДҲ давлатлари орасида етакчига айланди. Бу лабораторияда кўчатларнинг илдиз отиши, кўчат ўстиришнинг иқлим назорати, муҳитни тайёрлаш ва тўлдириш учун автоматик бошқарилиши энг илғор технологик бошқарув тўлиқ илмий ечимларга асосланганлиги билан аҳамиятлидир, –деди у.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ўтган икки йил мобайнида ушбу комплексда харидоргир кўчат навларини диверсификация қилиш бўйича 5 гектар ер майдонида 40 хил навдаги 6 минг дона сертификатланган хорижий мева, узум ва манзарали кўчатлар боғи яратилди.
Иссиқхонадан кейинги босқич учун эса мевали ва манзарали дарахтлар, узум кўчатларини экиш мавсумларигача тайёрлаб бериш учун 10 гектар майдонда кўчатхона ташкил қилинди.
Тантанали маросим доирасида иштирокчилар учун “Agro In Vitro” комплекси бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА