Қарши шаҳрида ўтказилган футзал бўйича 2-лига ҳудудий ғолиблари ўртасидаги Республика ўтиш турнири якунига етди. Унда Жиззах политехника институтининг “Политехника” жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, Ўзбекисон чемпионати биринчи лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ўзбекистон Футбол ассосацияси (ЎФА) томонидан футзални янада ривожлантириш ва унинг оммавийлигини ошириш мақсадида мунтазам равишда турли мусобақа ва турнирлар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, футзал бўйича Ўзбекистон биринчилиги 2-лигаси 4 та гуруҳида ғолибликни қўлга киритган футзал жамоалари жорий йилнинг 3-8 июнь кунлари Қарши шаҳридаги “Геолог” спорт мажмуасида республика чемпионати 1-лигасига бериладиган ягона йўлланма учун ўтиш турнирида иштирок этди.
Турнирнинг финал босқичида Жиззах политехника институтининг “Политехника” ҳамда Самарқанд давлат университетининг “СамДУ” футзалчилари рўбарў келди. Кескин ва муросасиз ўтган баҳсда жиззахлик футзалчилар қўшни Самарқанд вилояти университет жамоасини 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Ҳудудий 2-лига мусобақаси ўтиш турнирида ғолиб бўлган “Политехника” футзал жамоаси энди жорий мавсум куз-баҳор тизимида ўтадиган Ўзбекистон чемпионати 1-лигасида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари