9 июнь – Халқаро архивлар куни арафасида Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский “Ўзархив” агентлигига ташриф буюрди.
Учрашув чоғида “Ўзархив” ва Швейцария архивлари ўртасида соҳадаги ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилиниб, агентлик директори Улуғбек Юсупов бошчилигида қизиқарли экскурсия уюштирилди. Ҳужжатлар сақлаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш жараёни билан таништирилди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.
Ҳар йили 9 июнда нишонланадиган Халқаро архивлар куни Халқаро архивлар кенгаши (ХАК) томонидан 2007 йил ноябрь ойида Канаданинг Квебекда шаҳрида Бош Aссамблея йиғилишида тасдиқланган.
Бу сана тасодифан танланмаган – 1948 йил шу куни UNЕSСО қарори ва ҳомийлиги асосида Халқаро архивлар кенгаши ташкил этилган.
Кенгаш жаҳон архивлар ҳамжамияти профессионал, бетараф нодавлат ташкилоти сифатида архив меросини сақлаш, ривожлантириш ва ушбу ҳужжатлардан фойдаланишга кўмаклашади, бутун дунё бўйлаб кўплаб архивлардаги аъзолари томонидан молиялаштирилади.
Бугунги кунда ХАК 190 дан ортиқ мамлакатда 1 500 га яқин аъзони бирлаштирган. Ташкилот фаолияти халқаро стандартни йўлга қўйиш, ходимлар малакасини ошириш орқали архивни самарали бошқариш, архив меросини сақлаш, қайта ишлаш ва архивдан фойдаланиш масалаларини ҳал этиш, шунингдек мутахассислар, сиёсатчилар ўртасидаги мулоқот орқали архивдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.
Жамият ҳаётида архивлар ўзига хос ахборот маркази сифатида ретроспектив ҳужжатли маълумотдан фойдаланиш имконини яратади, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, самарали давлат бошқарувини таъминлашга ёрдам беради, шунингдек ўтмиш ҳақида илмий билим беради.
Aрхив шунчаки маданий ва тарихий мерос кўринишидаги жиддий ахборот ресурси эмас, балки ҳар бир инсон ҳаётида ўзига хос аҳамият касб этарди. Aрхивнинг манбаси ва формати хилма-хиллиги жуда бой. Бинобарин, тарихий маълумот инсоният иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ривожланишининг қимматли далилидир.
Ҳужжатли меросни асраб-авайлаш, одамларга ноёб архив билан танишиш имконини бериш архивчиларнинг асосий вазифасидир.
Бинобарин, Aрхивлар куни нафақат ушбу соҳа ходимларининг касб байрами, балки кенг жамоатчилик ва қарор қабул қилувчилар эътиборини архив ишидаги ютуқ, камчиликларга жалб этиш мақсадида ташкил этилган санадир.
Диёра Саидакбарова,
ЎзДЖТУ талабаси,
ЎзА