Ёшларимизнинг замонавий касбларни ўрганиши учун давлатимиз томонидан етарли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ана шулардан бири Ёшлар ишлари агентлиги томонидан йўлга қўйилган «Келажак касблари» лойиҳасидир. Лойиҳа доирасида «Ёшлар дафтари»га киритилган, замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларга ўқиш учун ариза топширган, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари томонидан тавсия этилган ёшлар махсус электрон тизим орқали ўзларига қулай ва маъқул бўлган ўқув марказда ўқиш имкониятини қўлга киритади.
Бугунги кунгача 20 минг нафардан ортиқ ёшлар 35 га яқин йўналиш бўйича замонавий касблар ҳамда хорижий тилларга ўқитилиб, уларга 50 миллиард сўмга яқин миқдорида ёрдам кўрсатилди.
Хорижий тиллар сертификатини қўлга киритган 560 нафар ёш асосан, ўқув марказларида ўқитувчи бўлиб ишламоқда ва уларнинг ўртача ойлик даромади 3-6 миллион сўмни ташкил этади.
Шунингдек, архитектура, дастурлаш, дизайн, СММ, бухгалтерия, мобилография, логистика каби бошқа йўналишларни жами 2 минг 11 нафар ёш якунлаб, 3-8 миллион сўм миқдорда даромад топмоқда.
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган «Келажак касблари-2024» форумида лойиҳанинг сарҳисоби, келгусидаги режалари ва истиқболли мақсадлар юзасидан суҳбатлашилди.
Шунингдек, 500 дан ортиқ ёшлар иштирокида мастер-класслар бўлиб ўтди. Ўқув машғулотларида мамлакатимиздаги энг кучли IT компаниялари раҳбарлари, мутахассислар спикер сифатида иштирок этди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/abyO5eCVq0E?si=IxsxHZ5eSSWvC7_V" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Гулноза Бобоева,
Дониёр Ёқубов (видео),
ЎзА