Ўзбекистон ва Туркия кўплаб йўналишлар бўйича самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Кейинги йилларда энергетика соҳасида ўзаро алоқалар янги босқичга чиқиб, томонлар биргаликда қатор лойиҳаларни татбиқ этаяпти.
Жорий йилнинг март ойида томонлар энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш борасида ҳам ҳамкорликни ўрнатгани ушбу тизим равнақида муҳим қадам бўлди.
Шу муносабат билан Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори Шерзод Хўжаев бошчилигидаги делегация Туркия давлатига қилган амалий хизмат сафари чоғида ушбу мамлакатнинг Энергетика бозори регулятори-президенти Мустафа Йилмаз билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ҳамда Туркия Республикасининг энергия бозорини тартибга солиш органи ўртасида “Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида”ги келишув имзоланди.
Келишувдан кўзланган асосий мақсад Агентлик ва ЭПДК ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, Туркиянинг энергия бозорини ривожлантириш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш, шу йўналишда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашдир.
Мазкур келишув икки мамлакатнинг энергетика бозорини тартибга солиш органлари ўртасида энергетика бозорини яратишда муҳим қадам ҳисобланади. Шунингдек, мамлакатимизнинг энергетика бозори иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш, тарифларни тартибга солиш ва услубиётни ривожлантиришда ЭПДК тажрибасини ўрганиш, экспертлар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ЭПДКда қўлланиладиган инновацион ечимларни ўрганиш каби масалалар ҳам келишувда ўз аксини топган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА