Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
"Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимни имзолаш маросимининг барча иштирокчиларини самимий қутлашдан мамнунман.
Бу мамлакатларимиз ўртасида қарор топган анъанавий яқин ва кўп қиррали ҳамкорлик ривожидаги чинакам тарихий воқеадир. Бугун биз биргаликда кенг минтақамизда иқтисодий ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим амалий қадамларни қўймоқдамиз.
Шу муносабат билан, биринчи навбатда, Хитой Халқ Республикаси Раиси, ҳурматли Си Цзиньпин жанобларига “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Трансконтинентал транспорт ва транзит коридорининг ажралмас қисми ҳисобланувчи ушбу муҳим инфратузилма лойиҳасини илгари суришда кўрсатган шахсий эътибори ва уни тўла қўллаб-қувватлагани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Янги темир йўл Хитой билан иқтисодий ҳамкорлигимизни кенгайтириб, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилишига ишонаман.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
"Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли тарихий Буюк ипак йўли бўйлаб ўтади. Дарҳақиқат, биз кўп асрлар давомида савдо алоқалари ва маданий алмашинув ривожига хизмат қилган ушбу қадимий йўлни замонавий шароитда қайта тиклаяпмиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мазкур темир йўл Хитойни минтақамиз билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, унинг барпо этилиши ортиб бораётган юк ташиш ҳажмига самарали хизмат кўрсатиш, уларни ташиш вақти ва нархини сезиларли даражада камайтириш имконини беради. Мутахассисларнинг қайд этишича, юк ташиш йиллик ҳажми 15 миллион тоннагача етиши мумкин, товарларни якуний истеъмолчиларга етказиш муддати эса 7 кунга қисқаради. Бундан ташқари, замонавий транзит ва логистика инфратузилмаси, омборхоналар ва терминаллар яратилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши оқибатида вужудга келадиган иқтисодий таъсирни барча мамлакатлар ҳис қилади. Аввало, янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилади, ўзаро товар айрибошлаш ҳажми ва саноат кооперацияси кўлами, инвестицион жозибадорлик ўсади ва асосий натижа – фуқароларимизнинг турмуш даражаси ошади.
Келгусида ушбу йўл бизнинг мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради, транзит салоҳияти ва минтақалараро ўзаро боғлиқликни сезиларли даражада оширади.
Қадрли дўстлар!
Шуни таъкидламоқчиманки, ушбу кенг кўламли лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон ҳудудида барча зарур инфратузилма яратилган.
Бундан ташқари, биз замонавий темир ва автомобиль йўллари миллий тармоғини кенгайтирмоқдамиз, юкларни қайта ишлаш ва ташиш жараёнларини жадаллаштириш мақсадида рақамли технологияларни фаол жорий қилмоқдамиз.
Ҳамкорларимизни яна бир бор ишонтириб айтмоқчиманки, Ўзбекистон темир йўл қурилиши, имзоланаётган битим ва қабул қилинган “йўл харитаси” бўйича изчил ҳамкорликни давом эттиришга тайёр.
Аминманки, узоқ муддатли умумий манфаатларимизга жавоб берадиган "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли стратегик лойиҳаси дўстлик ва шериклик муносабатларимизни мустаҳкамлашга, мамлакатларимиз, халқларимиз фаровонлиги ва тараққиётига хизмат қилади.
Ушбу кенг қамровли лойиҳанинг барча иштирокчиларига улкан зафарлар тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.