Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида Сув хўжалиги вазирлиги тизимида қандай ишлар амалга оширилган? “Комплаенс назорат” тизими жорий этилганми?
Ушбу саволлар атрофидаги масалалар парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда кенг муҳокама қилинди. Унда Сув хўжалиги вазирлигининг “Коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди. Хусусан, Фарғона вилояти Сирдарё-Сўх ҳамда Наманган вилояти Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларида олиб борилган ишлар тўғрисида ахборот берилди.
Унда келтирилганидек, вазирлик тизимида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан масофавий тарзда мониторинг ва назоратни олиб бориш бўйича Ситуацион марказ ташкил этилган. Коррупцияга қарши ички назорат (“комплаенс-назорат”) тизимини жорий этишга оид 10 та ички идоравий ҳужжат қабул қилинган.
Муҳокамаларда депутатлар коррупциявий жиноятлар асосан расмий ҳужжатларга қасддан сохта маълумотлар киритиш орқали давлат маблағларини талон-торож қилиш, берилган имтиёзлардан ноқонуний фойдаланиш, ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик қилиш ва пора олиш каби йўналишларда содир этилаётганини қайд этди. Тизимда 2022-2023 йилларда ўтказилган текширувлар натижасига кўра, 1 минг 764 та ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилган бўлиб, 371 нафар масъул шахсга интизомий, 695 нафар шахсга маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 121 та жиноят иши қўзғатилган.
[gallery-17734]
Халқ вакиллари тизимга оид қонунчилик ҳужжатларидаги коррупцияга шароит яратувчи нормаларни бартараф этиш, коррупцияга қарши курашиш борасида жамоатчилик ва аҳоли билан доимий қайта алоқа қилиш тизимини йўлга қўйиш, “комплаенс назорат” бўлинмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, айбдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берди. Манфаатлар тўқнашувига барҳам бериш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.
М.Комилова, О.Мирсоатов (сурат), ЎзА