Биз азалдан грузин халқининг ажойиб рақслари, қўшиқларини севиб тинглаймиз. Айниқса, “Мимино” фильми ўзбеклар орасида жуда машҳур.
Бугун Ўзбекистонда яшаётган грузинлар кўпроқ қайси соҳаларда ишлаяпти? Уларнинг миллий қадриятлар, анъаналарни ёшлар онгига сингдириш, бағрикенглик борасидаги ишлари қандай йўлга қўйилган?
Ўзбекистондаги “Мегоброба” грузин маданият маркази раиси Эка Маргишвили ЎзА мухбири билан суҳбат жараёнида грузин халқининг ҳаёт тарзи, миллий қадриятлари, анъаналари ва ўзбек халқи билан дўстона муносабатлари ҳақида сўзлаб берди.
—Ўзбекистон аҳолисининг қанча қисмини грузин халқи ташкил этади?
— Бугунги кунда Ўзбекистонда 3000 га яқин грузин яшайди. Албатта, улар сон жиҳатдан кам бўлсада, лекин жуда ҳам аҳил-иноқликда ҳаёт кечиришади. Ўзбекистонда яшаётган грузинларнинг тарихи асрларга бориб тақалади. Бизни умумий маданият, анъаналар, савдо алоқалари боғлаб туради.
Ўзбекистондаги грузинлар орасида зиёлилар кўп. Улар орасида ёзувчилар, рассомлар ва жамиятга фойдали бўлган бошқа кўплаб соҳа вакиллари бор.
Қайд этиш жоизки, Грузия ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий алоқалар анча узоқ йилларга – Буюк Ипак йўли, грузин савдогарлари даврига тўғри келади.
— Бугун Ўзбекистонда грузин халқига тегишли қандай тарихий обидалар сақланиб қолган?
—Ўзбекистон ҳудудида грузинлар томонидан кўплаб тарихий обидалар сақланиб қолгани биз учун жуда муҳимдир.
Мисол учун, жуда қадимий ва машҳур Шота Руставели кўчаси ҳақида айтадиган бўлсам, ҳозирда у шаҳарнинг марказий кўчаларидан бири ҳисобланади. Тошкентнинг марказида буюк грузин шоири Шота Руставели ҳайкали бор. Шота Руставели грузин адабиётининг тимсоли бўлиб, грузин ёзувчиларининг бирорта ҳам учрашуви унинг ҳурматисиз ўтмайди. Кўплаб асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
Мактабларда унинг асарлари нафақат грузияликлар, балки бутун халқаро ҳамжамиятнинг мулки ҳисобланади. Айтиш жоизки, грузинлар ва ўзбекларнинг маданий ва оилавий анъаналарида ўхшаш жиҳатлар кўп, тилимиз, шевамиз ҳам муштарак. Биз ўзбек тилини яхши тушунамиз.
— Ўзбек халқи билан грузин халқи ўртасидаги муносабатлар ҳақида ҳам сўзлаб ўтсангиз.
— Ўзбекистон Республикасида кўплаб грузинлар туғилган ва биз Ўзбекистонни ўз ватанимиз деб биламиз. Бу ерда яшаётганимиздан жуда хурсандмиз. Ўзбек халқи билан грузин халқи ўртасидаги илиқ муносабатлар мени жуда хурсанд қилади.
Биз камсонли халқ бўлсакда, ҳар йили халқлар дўстлиги кунини нишонлаймиз. Бу ҳар бир халқ ўз маданияти ва анъаналарини намойиш этадиган байрамдир.
Наврўз, Мустақиллик байрамларини доимий равишда нишонлаймиз. Масалан, Грузияда авлиёлар ва узум йиғиш байрамлари жуда муҳим тадбир сифатида нишонланади. Ўзбек халқи учун муҳим бўлган Ҳайит байрамини ўзбек халқи каби нишонлаймиз.
—Грузин халқи ижодкор. Буни сизларнинг санъатга, миллий қадриятларга ўзгача эътиборингиздан билиш қийин эмас. Грузин қўшиқларида кўпроқ нималар ифодаланади?
—Маданият ва адабиёт уйғунлиги миллат учун жуда муҳим. Сабаби, ҳар қандай миллатни бир-бирига энг аввало санъат яқинлаштиради. Грузин халқининг қўшиқлари пойдеворини онага ва табиатга бўлган муҳаббат, севги ташкил қилади.
—Бугун грузин ёшлари кўпроқ қандай соҳалар билан банд?
— Марказимизнинг ёш иқтидорли қизларидан Камиланинг ижоди ва истеъдоди билан фахрланамиз. Ўтган йил Грузин тили кунида ёшларимизнинг расмлари кўргазмасини ўтказдик. Камиланинг расмлари кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, ёшларимиз орасида иқтидорли ижодкорлар жуда ҳам кўп. Улардан бири Екатерина Гачечиладзенинг фотосуратлари дунёга машҳур “Вог” журналида намойиш этиб борилади.
Ундан ташқари ҳунармандчилик билан шуғулланаётган қизларимиз бор. Улар кийим-кечакларга расм чизиш, кўзалар, ликопчаларга миллий безак бериш билан шуғулланади. Масалан, шундай ижодкорлардан Нинонинг ўз студияси бор, у болалар ва катталарга расм чизишни ўргатади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ARIG_TUGb10" title="Oʻzbekistonlik gruzinlar: Bagʻrikeng, mehnatsevar, samimiy xalq bilan birgamiz" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Албатта, диаспоранинг касбий хизматларини алоҳида таъкидлаш керак. Грузия маданият марказининг уч нафар аъзоси тиббиёт фанлари номзоди мақомига эга бўлганини жуда қадрлаймиз.
Биз Зураб Сулакадзе, Лали Силагадзе ва албатта, Нелли Амамбадзе каби ажойиб шифокорларимиз билан фахрланамиз.
Бир нечта йигитларимиз “Қизилқум”, “Локоматив” каби футбол клубларида тўп тепишса, яна кўплари юнон-рум курашида муваффақият қозонмоқда.
Нигора Раҳмонова,
Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА