Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида Туркий давлатлар Парламент ассамблеяси (ТуркПА) аёл аъзолари гуруҳининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Нуфузли анжуман “Аёллар – ТуркПАга аъзо давлатлар иқтисодининг асоси, тадбиркорликнинг ҳаракатлантирувчи кучи” мавзусига бағишланди.
Унда Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Венгрия, Шимолий Кипр Республикалари парламентларидан вакиллар иштирок этди.
Йиғилишда туркий давлатлар хотин-қизларининг мамлакатлар иқтисодиётидаги иштирокини кенгайтириш борасидаги ишлар юзасидан сўз борди.
Анжуманда иштирок этган Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Жумладан, кейинги 5 йил ичида мамлакатимизда ишбилармон аёллар сафи икки баробар кўпайди.
Ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 200 мингдан ошди. Иқтисодиёт ва саноат тармоқларида аёллар улуши 46 фоизни ташкил этаётир. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Шунингдек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтиришга қаратилган қонунчилик ислоҳотлари амалга оширилди. Хусусан, сиёсий партиялар томонидан депутатликка кўрсатиладиган номзодлар ичида хотин-қизларнинг энг кам миқдори 30 фоиздан 40 фоизга оширилди.
Йиғилиш якунида ТуркПА аёл аъзолари гуруҳининг қарори ва тавсиялари қабул қилинди. Шунингдек, гуруҳнинг кейинги йиғилиши 2025 йилда Қозоғистонда бўлиб ўтишига келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА