EuroUZ ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси дипломатик алоқа ва иқтисодий ҳамкорлик масалаларига бағишлаб маросим ўтказди.
Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги элчиси қароргоҳида ташкил этилган тадбирга турли бизнес тузилмалари, ташкилотлар, савдо палаталарини бирлаштирган ташкилот – EuroUZ аъзолари, ЕИ дипломатик ваколатхоналари ҳамда ҳукумат вакиллари таклиф этилди.
Учрашувда ЕИнинг мамлакатимиздаги элчиси Шарлотта Адриан, Европа ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси бош котиби Ойбек Шайхов томонлар ўртасидаги дўстона ва манфаатли алоқа мустаҳкамланиши иқтисодиёт ривожланиши, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти ошишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Шарлотта Адриан хоним Ўзбекистон хорижий сармоядорларга билимли ёшлар, ўқимишли аҳоли ҳамда бой табиий ресурсдан тортиб, жадал ривожланаётган бозор кўринишида улкан салоҳият намоён этаётганини эътироф этди.
– Европа Иттифоқи – Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллигини нишонлаш асносида савдо кўрсаткичи жадал суръат билан ўсиб бораётганидан мамнунлик ҳис этяпмиз, – деди элчи хоним. – Кичик бир мисол: 2022 йил ЕИ экспорти 3,77 миллиард (63,9 фоиз ўсиш), импорти 845 миллион евро (77,1 фоиз ўсиш)га етди. 2023 йилда товар айланмаси яна 11 фоиз ошди. Бу корхоналаримиз республикага сармоя киритиш бўйича дадил қарор қабул қила бошлагани билан боғлиқ. Ўзбекистон бошлаган улкан ислоҳотлар йўлини қўллаб-қувватлаймиз. Биз мавжуд барча имкониятдан фойдаланган ҳолда, мамлакатга ёрдам беришда давом этамиз. GSP+, ЖСТ ёки EPCA каби тузилмаларга аъзоликни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан. Зеро, бу ташкилотларга қўшилиш ҳамкорлигимизда янги саҳифа очади. Пировард мақсадимиз – Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш.
EuroUZ Европанинг тан олинган нодавлат ва нотижорат бирлашмаси бўлиб, Брюсселдаги Бош қароргоҳи ва аъзолар томонидан тўлиқ молиялаштириладиган Тошкентдаги филиали орқали фаолият юритади. Ташкилот мақсадли бозорни тушуниш, кучли бизнес тармоғи яратиш, давлат ва хусусий манфаатдор томонлар билан янада яхши мулоқот қилишда ўз аъзоларига ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатади.
– Томонлар ҳамкорлиги янги ривожланиш палласига чиқди,– деди Европа ва Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси бош котиби Ойбек Шайхов. –Буни тадбир натижасидан ҳам билиш мумкин. Мазкур мулоқот майдони иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Маросим якунида EuroUZнинг янги аъзоларига сертификатлар топширилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА