Тошкентда “Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни” мавзусида конференция бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон ҳукумати томонидан Жаҳон савдо ташкилоти, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси кўмагида ташкил этилди.
Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори доктор Нгози Оконжо-Ивеала хонимнинг юртимизга расмий ташрифи доирасида ўтказилган анжуман Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнидаги муҳим босқич ҳисобланади.
Тадбирда мамлакатимизда сўнгги етти йилда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар самаралари ва бу борадаги ривожланишни тезлаштириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган режалар ҳамда ЖСТга аъзо бўлиш жараёни муҳокама қилинди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори доктор Нгози Оконжо-Ивеала ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев сўзга чиқди.
Саида Мирзиёева ўз чиқишида таъкидлаб ўтганидек, “Президент Шавкат Мирзиёев қатор давлат корхоналарининг эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилувчи фармонни имзолади. Зеро, ушбу кўп йиллик муаммо аксарият давлат корхоналарининг бозор иқтисодиётига ўтиш имконини, пировардида эса хусусий сектор учун тенг имкониятларни чеклаб келган.
Президент ёрдамчиси, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш борасидаги қатъий ниятини яна бир бор тасдиқлади ва бу мақсадга эришиш учун қўйиладиган қадамларни санаб ўтди:
– Асосий мақсадимиз даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига қўшилиш, – деди Саида Мирзиёева. – Бу аҳоли фаровонлигини барқарор иқтисодий ўсиш ҳисобига оширишни назарда тутади. 2030 йилга келиб мамлакат ЯИМни икки баробар ошириш, камбағаллик даражасини 7 фоизга тушириш ниятидамиз.
ЖСТ Бош директори Ўзбекистон томонидан иқтисодий муҳитни яхшилаш учун амалга оширилаётган салмоқли саъй-ҳаракатларни қайд этиб, ЖСТга аъзо бўлиш жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув йўлида муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди.
Республикамиз иқтисодий ислоҳотлар ва миллий қонунчиликни ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштириш борасида муайян натижаларга эришаётгани эътироф этилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ЖСТ келишувларига мувофиқ, 30 та норматив ҳужжат қабул қилди, 14 давлат билан икки томонлама музокарани якунлади. Ушбу ислоҳотлар мамлакатимизни глобал қўшилган қиймат занжирига интеграция қилиш, ташқи бозорни кенгайтириш, иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган. Бу жараёнда ЖСТга аъзо бўлиш муҳим аҳамият касб этиб, халқаро савдо муносабатларини яхшилашга кўмаклашади.
[gallery-17719]
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2024 йил 24 май куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 8-йиғилиши ўтказилди. Тадбирда мамлакатимиз делегацияси иштирокида ЖСТнинг барча аъзо давлатлари билан келишилган Ишчи гуруҳ ҳисоботи лойиҳаси элементлари муҳокама қилинди. ЖСТ келишувларига миллий қонунчиликни мувофиқлаштириш бўйича ислоҳотлар тақдим этилди, илк бор қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриб чиқиш бўйича кўп томонлама муҳокама ўтказилди.
Конференция доирасида панел сессиялари ҳам бўлиб ўтди. Сессияларда парламент аъзолари, вазирлик, идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Биринчи сессияда 2017-2023 йиллар стратегиясига мувофиқ амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар ва 2030 йилгача бўлган Янги Ўзбекистон стратегиясида кўзда тутилган кейинги чора-тадбирлар таҳлилий муҳокама қилинди. Халқаро савдо тизими, жумладан ЖСТга интеграция жараёнининг аҳамияти таъкидланди.
Сессияда Президентнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова ва Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили КобаГвенетадзе иштирок этди.
Иккинчи сессияда миллий қонунчиликни ЖСТ келишувларига мувофиқлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди. Мутахассислар қонунчилик ҳужжатлари қабул қилингани, божхона тартибини соддалаштириш ва тезлаштиришда сезиларли ижобий ўзгаришлар юз бергани, озиқ-овқат хавфсизлиги ва техник тўсиқларни бартараф этиш бўйича халқаро стандартларни қонунчиликка жорий қилинаётгани қайд этилди.
Халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий тенденциясини эътироф этиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий мақсадларга эришиш бўйича саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
– Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш борасида олиб бораётган тизимли ҳаракатларини ижобий баҳолаш мумкин, – деди Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатимиздаги вакили КобаГвенетадзе. – Охирги етти йил мобайнида мамлакатда иқтисодиёт, савдо сотиқ соҳаларида кескин ривожланиш кузатилди. Ишонамизки, ислоҳотлар шу зайл давом этса, ЖСТга қўшилиш тез фурсатларда амалга ошади. Ташкилотга аъзолик Ўзбекистонга катта имкониятлар беради. Бу ўзгаришлар вилоятлар иқтисодий жиҳатдан кучайишига ёрдам беради. Экспортнинг ҳажми ва географияси кенгаяди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши дунё миқёсида мамлакат мавқейини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Конференция доирасида экспертлар давлат раҳбари томонидан 2024 йил 3 июнь куни имзоланган муҳим фармоннинг аҳамиятига алоҳида тўхталди. Мазкур ҳужжат мамлакатда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг давоми сифатида ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштиришига ёрдам бериши таъкидланди.
Анжуман Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, шунингдек, ЖСТ халқаро стандартларига амал қилиш бўйича қатъий интилишини кўрсатади.
Гўзал Сатторова, НосиржонҲайдаров (сурат) ЎзА