Фарғона вилоятининг Ёзёвон ва Бувайда туманлари пиллакорлари белгиланган режани ортиғи билан бажарди.
Ёзёвон туманида бу йилги мавсумда 2145 қути ипак қурти асосан инновацион усулда, яъни плёнка остида парваришланди. Янги услубда иш ташкил қилган 241 та фермер хўжаликлари, 910 нафардан зиёд касаначилар шартномада белгиланган 129 тонна ўрнига 129,5 тонна “кумуш тола” топшириб режани ортиғи билан бажарди.
Бувайда тумани пиллакорлари эса жами 2619 қути ипак қуртидан 157,3 тоннадан зиёд сифатли пилла ҳосили етиштирди. Белгиланган режа 100,2 фоизга уддаланди.
– Бу йилги пилла мавсумида республикада биринчи бўлишимизда Янгибўстон, Қоратепа, Қорасоқол ММТТдаги фермерларимизнинг ҳиссаси катта бўлди, – дейди туман ҳокими ўринбосари Аброржон Солиев. – Назира Зокирова, Ҳакимахон Қорабоева, Раимжон Тўхтаматов, Дилоромхон Набиева, Шарофатхон Юлдашева, Маъмура Ибрагимова каби ўнлаб пиллакорлар бошқаларга ўрнак бўлиб, сифатли ва салмоқли қимматбаҳо хом ашёси етиштирдилар.
Таъкидлаш керак, пилла етиштиришда плёнка усулининг афзалликлари кўп. Бунда намлик яхши сақлангани сабабли, барг озуқаси исроф бўлмайди. Энг асосийси, анъанавий усулга нисбатан пилла тез етилади. Инновацион усул ўз натижасини кўрсатди. Вилоятда етиштирилган пилла салмоқли, баракали бўлди.
– Пилла етиштиришда “Бир хонадонга – бир қути ипак қурти” тамойили асосида иш ташкил қилингани ҳам катта самара берди. Шунингдек, қурт боқувчилар меҳнат шароитини яхшилаш, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди “Ёзёвон агропилла” МЧЖ раҳбари Ойшахон Ибрагимова. – Пиллакорларга топширилган пилла учун тарозининг устида пул тўланиши ҳам катта рағбат бўлди.
Айни кунларда барча туманларда пилла йиғим-терими уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.
– Вилоятимизда наслли ипак қурти уруғи етиштириш, сифатли озуқа базаси яратиш, бир йилда тўрт маротабагача пилла ҳосили олиш, хом ашёни қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тизимли иш олиб боряпмиз. Жорий йилда вилоятда мазкур тармоқда 160 мингдан ортиқ мавсумий ва доимий иш ўринлари яратиш кўзда тутилган бўлиб, 17 та шаҳар-туманда ипак қурти боқувчилар ҳудудлар кесимида пиллачилик кластерларига бириктирилди. Шу тариқа бу йил вилоятда 46 минг 436 қути ипак қурти парваришланиши орқали 2786 тонна тирик пилла етиштириш режалаштирилган, – дейди вилоят “Агропилла” МЧЖ бошқаруви раиси Мақсуджон Қосимов. – Айни йўналишда 4592 та фермер хўжалиги, 33,4 минг нафар ипак қурти боқувчилар ҳамда 6 та пиллачилик кластерлари ўзаро шартнома имзолаган. Яқин вақт ичида соҳа мутахассислари, тажрибали олимлар билан биргаликда ипак қурти уруғини тўлиқ маҳаллийлаштириш бўйича Фарғона тажрибаси мактабини яратишни мақсад қилганмиз. Ҳозирнинг ўзида вилоятда республика эҳтиёжи учун зарур бўладиган йиллик ипак қурти уруғининг 80 фоизини етказиб бериш имкони мавжуд.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири.