Қувасой боғларига барака кирган палла. Айниқса, гилосзор боғларда иш қизғин. Бу кунларни бир йил кутдилар, ахир. Мана энди ҳосил кўтарар дамлар келди.
Давлат раҳбари ҳамиша фермер даромади – асосий натижа, дейди. Фарғона вилоятида 2018-2019 йилларда Президент топшириғи билан 3 минг гектар ғалладан кам ҳосил бераётган ерлар боғга айлантирилди. Улар қаторида “Қувасой Нодиржон” фермер хўжалиги ерлари ҳам бор эди.
– 40 гектар боғ қилдик. Шундан 30 гектари хориждан келтирилган навлар бўлиб, улар ярим пакана, интенсив усулда парваришланмоқда, – дейди фермер Абдухалил Маматхалилов. –Унинг 15 гектарида сархил гилос етиштириляпти.
Ҳозирга келиб Қувасойдаги боғлар 6889 гектарга етди. Олма, гилос, ўрик, шафтоли, олхўри... нималар йўқ дерсиз бу боғларда. Ҳавоси мўътадил, Исфайрамсойнинг тўйинган сувидан баҳраманд ерлар тез ҳосилга киради.
–Мана бу пакана гилослар тўртинчи йилиёқ 5 килограммдан ҳосил берганди, бу йил эса ҳар тупидан 15-20 кило гилос териб оляпмиз, – дейди боғбон Абдуҳаил Маматхалилов.
Айни кунларда фермер тузилган шартномага асосан гилосни Хитой ва Корея республикаларига экспорт қиляпти.
– Ўтган йили 2.5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган эди. Бу йил эса 4 миллион долларга етказмоқчимиз, – дейди ўсимликлар карантини ва ҳимоячиси агентлиги давлат назоратчиси Ғуломжон Собиржонов. –Гилос етиштирувчи фермерларимиз Хитой ва Корея Республикаларига экспортни бошлаб юборганлар.
Боғдорчилик, айниқса гилос плантациялари илмни талаб қилади. Шунинг учун ҳам Қувасойда Япониянинг JICA агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган. Мана, гилоснинг биринчи терими якунидаёқ 2025 йил ҳосили учун тайёргарлик бошланди.
– Бирлашган миллатлар ташкилотининг лойиҳаси асосида JICA иқлим ўзгарувчанлигига кўчатларни мослаштирув, сув тақчиллигини енгиш, бунга зарур технологияларни жорий қилиш бўйича бизга маслаҳатлар бериб келмоқда. Ҳамкорликка 4 йил бўлди. Шу даврда улар бизга 20 минг АҚШ долларилик техника берди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uCedGs8g6L4" title="Quvasoy gilosi Xitoy va Koreya bozorida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Жаҳон бозорида 1 килограмм гилос 15 доллардан 25 долларгача харид қилиняпти. Гилос етиштирувчи давлатлар ўртасида рақобат жуда кучли. Ундан муқим ўрин олиш учун эса Қувасойдаги каби хориж тажрибаси, боғдорчилик илми янгиликларини тинимсиз жорий этиб келиш зарур.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА