«Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - «Ўзмиллийбанк») томонидан Буюк Британия етакчи банкларидан бири Standard Chartered Bank ва Германиянинг Landesbank Baden-Württemberg (кейинги ўринларда – LBBW) ўртасида Кўп томонлама инвестицияларни кафолатлаш агентлиги (MIGA , Жаҳон Банки аъзоси) суғурта қопламаси остида 100 миллион евро миқдорида синдикатлаштирилган кредит линиясини жалб қилиш бўйича кредит шартномаси имзоланди.
Мазкур келишув Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 20 май куни тижорат банкларининг мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнидаги иштироки масалаларига бағишланган йиғилишда белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг самарали воситаларидан бири ҳисобланади.
Таъкидлаш зарур, Ўзмиллийбанк MIGA билан шартнома тузган Ўзбекистондаги биринчи молия институти бўлиб, бошқа тижорат банклари учун мамлакатнинг кичик ва ўрта бизнесини қўллаб-қувватлаш учун янги имконият яратиб берди.
Жалб қилинаётган кредит линия қуйидагиларга йўналтирилади:
1) капитал харажатлар (технологияларни сотиб олиш ва уларни такомиллаштириш) ва айланма маблағларга муҳтож бўлган кичик ва ўрта корхоналарнинг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш;
2) қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш, муқобил энергия, соғлиқни сақлаш каби иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш;
3) экспортга йўналтирилган кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ривожланишни қўллаб-қувватлаш;
4) янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш.
Лойиҳани танлаш жараёнидаги асосий мезонлар:
- қарз олувчи - Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ кичик ва ўрта бизнес субъекти бўлиши;
- молиялаштириш муддати – 3 йилгача;
- молиялаштириш миқдори 1 миллион еврогача;
- барқарор ривожланиш ва экологик тоза лойиҳалар бўлиши шарт.
Кредит линиянинг асосий афзалликларидан – қулай молиялаштириш шартлари ва мамлакати келиб чиқишидан қатъи назар хомашё, товарлар ва хизматлар импортини ўз ичига олган шартномаларни молиялаштириш имконияти мавжудлигидир. Бу эса ўз навбатда маҳаллий кичик ва ўрта корхоналарга кенг географиядан хорижий экспортчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини беради.
Мазкур кредит линиясининг ўзлаштирилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурини амалга оширилишини рағбатлантириш, хусусан экспорт салоҳиятини ошириш, мамлакатимизда тадбиркорлик маданиятини ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини юксалтириш вазифаларини амалга ошириш, шу билан бирга, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Кўп томонлама инвестицияларни кафолатлаш агентлиги (MIGA) – ривожланаётган мамлакатларга инвестицияларни рағбатлантирадиган халқаро ташкилотдир. Қоларверса, Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси ҳам.
Стандард Чартеред Банк – Буюк Британиянинг етакчи халқаро банк гуруҳи бўлиб, кенг кўламли молиявий хизматларни тақдим этади. Банк 170 йилдан ортиқ тарихга эга ва 60 та давлатда фаолият юритади. Банк активлари 760 миллиард доллардан ортиқ, капитали – 78 миллиард доллар ва фойдаси – 775 миллион долларни ташкил қилади.
LBBW(Landesbank Baden-Württemberg) – Германиянинг жануби-ғарбий қисмидаги етакчи минтақавий банк бўлиб, фаолияти кенг кўламли молиявий хизматлардан иборат. Банк 1999 йилда ташкил этилган ва Германиядаги энг йирик банк бири ҳисобланади. Банк активлари 172 миллиард доллардан ортиқ, капитали – 10 миллиард доллар ва фойдаси – 1 миллиард долларни ташкил этади.
«Ўзмиллийбанк» АЖ
Матбуот хизмати