Сўнгги уч кун ичида Ҳиндистоннинг айрим ҳудудларида кучли жазирама сабаб 50 дан кўп киши ҳалок бўлди. Дам олиш кунлари шимолий Уттар-Прадеш штатида 33 киши ҳаётдан кўз юмди. Улар орасида бир неча кўнгилли полициячи, сайлов участкаси ходимлари, қўриқчилар, санитария ходимлари бор.
Федерал соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, 1 мартдан 30 майгача камида 56 киши иссиқ уриши оқибатида вафот этган. Бу даврда кун уриши билан боғлиқ жами 24 849 ҳолат қайд этилган. Штат расмийлари ҳақиқий рақам анча юқори бўлиши мумкинлигини инкор қилмаяпти. Кўнгилсиз воқеа 1 июнь куни – Ҳиндистонда умумий сайлов учун овоз бериш жараёнининг охирги босқичида кўп содир бўлган. Ушбу мамлакат ҳар беш йилда бир апрель ва май ойларида умумий сайлов ўтказади.
Афсуски, бу йил ҳаво ҳарорати рекорд даражага чиқди, мамлакатда тез-тез, кучли ва узоқ джавом этаётган иссиқ тўлқин кузатилмоқда. Штат бош сайлов комиссияси вакили Навдеэп Ринва журналистларга, марҳум сайловчилар оилаларига 1,5 миллион рупий (18 минг доллар) миқдорида товон пули берилишини айтди. Биҳар, Мадхя-Прадеш ва Жхарханд штатларида ҳам иссиқлик билан боғлиқ ўлим ҳолатлари қайд этилган.
Касалликларни назорат қилиш миллий маркази иссиқлик уришини 40-64 фоиз ўлим даражаси билан “ҳаёт учун хавфли” ҳолат сифатида баҳолайди. Мамлакатнинг шимолий, марказий ва ғарбий қисмида икки ҳафтадан буён ҳарорат 45-46 даражадан тушмаяпти. Баъзи ҳудудларда белги симоб устунида 50 даражагача кўтарилган.
Ҳиндистон об-ҳаво департаменти яқин кунларда муссон бошланиши сабабли, ҳарорат пасайишини тахмин қилган.
Мунисахон Мақсудбоева,
ЎзЖОКУ талабаси,
ЎзА