Юртимизга турли мамлакатлардан туристлар оқими йил сайин ошмоқда. Жорий йилнинг май-июнь ойларида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) тавсиялари асосида Статистика агентлиги томонидан Ўзбекистон ҳудудига кириш ва чиқиш туризми бўйича навбатдаги танланма кузатувлар ўтказилмоқда.
Танланма кузатувларда 14 мингга яқин респондентлар билан сўровнома ўтказилиши белгиланган.Мазкур тадбир Ўзбекистонда 2018 йилдан буён, камида ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинмоқда. Кузатувни ўтказиш Туризм ва маданий мерос ҳамда Инвестиция ва ташқи савдо вазирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 2024 йил 30 май куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтказилаётган сўровнома жараёнларига UNWTO халқаро экспертлари ҳам қатнашди, дейилади Статистика агентлиги маълумотида.
Кузатувлар республика экспортида туризм ҳажмининг тўлиқ ҳисобга олинишини, туризм статистикаси кўрсаткичлари ва туризм ёрдамчи ҳисобини шакллантиришни таъминлайди. Кузатув натижаси асосида туристлар оқими, туристларнинг сафар мақсади ва давомийлиги, республика ҳудудида чет эллик туристларнинг ҳамда ва чет элга сафар қилган Ўзбекистон резидентларининг амалга оширган сарф-харажатлари таркиби каби маълумотлар шаклланади.
А.РУСТАМОВ, ЎзА