Ромитан қадимий ва салоҳиятли ҳудуд, унинг илк тарихи афсонавий ҳукмдор Афросиёбга бориб тақалади.
Ўтган асрларда ўтган улуғ авлиёлар Хожа Уббон, Хожа Заъфарон, Ҳазрат Бобо Лақлақағий - Хожа Ҳазрат Ниёз Хоразмий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Бобойи Самосий, Ҳаким Мулла Мир ҳазратлари, Чориқулбой каби саховатпеша инсонлари билан машҳур. Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Неъмат Аминов, халқимизнинг севимли шоири Сафар Барноев ва бошқа кўплаб улуғ инсонларни етиштирган замин.
Хожа Уббон зиёратгоҳи Бухоро шаҳрининг ғарбий шимолида 50 километрча нарида қум тепаликлар орасида жойлашган манзил бўлиб, бу зиёратгоҳ воҳада илк бора ислом дини кириб келган даврдан бери муборак қадамжолардан бири саналиб, бу жойда XIV асрда улкан тарихий иншоот - чашмахона бунёд этилган.
Хожа Уббон Ибн Усмон Ибн Аффон VII асрнинг охири ва VIII аср бошларида яшаган, тобеин, фақиҳ, муҳаддис, қироат соҳиби, валиюллоҳ бўлиб, у кишига Аллоҳ таоло турли касалликларни даволаш кароматини берган.
Хожа Уббон Ибн Усмон Ибн Аффон 644-656 йилларда халифалик тахтига ўтирган Усмон Ибн Аффон “Чориёр халифа”лардан учинчисининг ўғли саналади. Усмон Ибн Аффон халифалик даврида Қуръони Каримни яхлит китоб ҳолига келтиришга бошчилик қилган, шу китоб устида мутолаа қилаётган пайтда душман зарбидан 656 йилда жон берган. Қуръони Каримнинг айрим варақларига халифа Усмон Ибн Аффоннинг қони томган.
Муҳаммад Наршахийнинг 943-944 йилларда ёзилган “Бухоро тарихи” асарида Саъид ибн Усмон Ибн Аффон (халифа Усмон ибн Аффоннинг бошқа бир ўғли) халифалик томонидан 676 йили Хуросон амири этиб тайинлангани ва у Жайҳун дарёсидан ўтиб Бухорога келгани битилган.
Хожа Уббон авлиёсининг 1937 йилда туширилган фотонусхалари топилди. Мақбарага кираверишининг ўнг томонида ҳозирги кунда янгидан қурилган тошқудуқ устида қадимда тўрт гумбазли оби ғиштдан қилинган чашмахона бўлган. Чашмахона ичида эса тош қудуқ бўлиб, ундан чамаси 20-22 метрдан сув олинган.
Қадимги чашмахона XIV асрда қўли гул усталарнинг меҳнатлари эвазига жуда ихчам, юксак бадиий маҳорат ва улуғворлик билан бунёд этилган. Бу бинолар ромитанлик журналист Собира Бўлдиеванинг ёзишича А. Темур фармонлари билан қурилган экан. Афсуски у иморатлар ҳозир сақланиб қолинмаган. Хожа Уббон мақбараси, чашмахона, хонақоҳ, туғ ва сағаналар ўтган асрнинг 60 йиллари бошида миналар билан портлатиб юборилган. Авлиёнинг бошлари учиб кетиб, кўмилган жойда 2008-2010 йилларда эски ёғочдан қилинган мақбара ва сағана янгидан қурилди.
Улуғ авлиё шарафига Хожа Уббон жамоатчилик хайрия жамғармаси ташкил этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди ва у ҳозирги кунда фаолият олиб бормоқда. Улуғ авлиё абадий қўним топган масканни обод қилишдан асл мақсад ўз тарихимизни қайта тиклаш ва теранроқ англаш, ёшларимиз маънавиятини янада юксалтириш йўлидаги бир саъй - ҳаракат бўлиб, бизлар кимларнинг авлодларимиз, илдизларимиз қайларга бориб тақалишини билиб, келажакка шунга муносиб қадам ташлаш, ёш авлодни шу юртга меҳр - оқибатли қилиб тарбиялаш учун зарур.
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/22p5ANchzkg" title="Yurt tilsimlari: Xoja Ubbon Ibn Usmon Ibn Affon ziyoratgohi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Халқимизнинг минг йиллар давомида қон - қонига сингиб кетган дину - диёнати, урф - одатлари, эзгу амаллари даврлар синовидан ўтганлигига иймон келтириб, бундай қадамжоларни обод этиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
М.Турдалиева, И.Исматов (видео), ЎзА