Пойтахтимиздаги “ZAKOVAT ARENA” интеллектуал клубида "ALOHA Mental Arifmetic" ментал арифметика бўйича еттинчи республика мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Унда юртимизнинг кўплаб ҳудудидан 5 ёшдан 13 ёшгача бўлган барча болалар иштирок этиш имконига эга бўлди. Мазкур билимлар мусобақаси 400 нафардан ортиқ ёш иштирокчини ўз атрофида бирлаштиргани билан аҳамиятли бўлди.
Айтиш керакки, ALOHA жамоаси 2017 йилдан буён мунтазам равишда республика мусобақаларини ташкил этиб келмоқда.
Бу болалар учун ўз қобилиятларини кўрсатиш, энг яхши натижа учун мукофот олиш, дўстлари ва оиласи билан қизиқарли ва фойдали вақт ўтказиш имкониятидир. Ментал арифметика бугунги кунда мактаб ўқувчилари ўртасида шунчаки урф бўлган йўналиш эмас.
[gallery-17669]
Арифметиканинг ушбу тури ёрдамида болаларга калькулятордан тезроқ ҳисоблашни ўргатиш, уларнинг ижодий салоҳияти, таҳлил қилиш ва танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш мумкин. Бу эса мия фаолиятини кенг миқёсда ривожлантиришга ёрдам беради, болаларнинг ўз-ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлайди, хотирани кучайтиради, концентрация ва ижодкорлик каби асосий кўникмаларини янада яхшилайди.
Бугунги кунга қадар AҚШ, Канада, Россия, Мексика, Германия, Ирландия, Испания, Ҳиндистон, Хитой, Малайзия каби дунёнинг 45 та давлатида 4 миллион нафардан ортиқ бола патентланган ALOHA дастури бўйича муваффақиятли таълим олмоқда.
Ушбу дастурнинг Тошкентда жойлашган бош офиси билан бирга Ўзбекистондаги халқаро ваколатхонаси 2016 йил кузида очилди ва МДҲ давлатлари орасида биринчи лицензияланган ALOHA мактабига айланди.
Сир эмаски, билимларни синаб кўришдаги энг қизиқарли ва масъулиятли жараён бу ўз билим ва иқтидорини турли танлов ва олимпиадаларда намоён этишдир. ALOHA мунтазам равишда бутун дунё бўйлаб ўз филиаллари талабалари ўртасида миллий, минтақавий ва халқаро мусобақаларни ўтказади.
Мусобақа ташкилотчиларининг айтишича, ўзбекистонлик ёшларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этиши бой тарихга эга.
Фарзандларимиз 2017 йилда Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда аъло натижаларни кўрсатган бўлса, 2018 йилда Москвада ўтказилган халқаро мусобақаларда ҳам ўғил-қизларимиз муваффақиятли қатнашди. Малайзияда ALOHA марказининг 21 нафар талабаси, Россияда эса 32 нафар иштирокчи Ватанимиз шарафини ҳимоя қилди. Улардан 28 нафар бола энг юқори мукофот ва унвонларга сазовор бўлди. Хитойдаги мусобақада 8 нафар болажонимиз қатнашди. Ўзбекистондан келган барча иштирокчилар фахрий совринлар, энг юқори унвонларни қўлга киритиб, медаллар, кубоклар ва сертификатларга сазовор бўлиб, зафар билан Ватанга қайтди.
2024 йилда Испаниянинг Мадрид шаҳрида навбатдаги "ALOHA - 2024" халқаро танлови ўтказилади. Унда бутун дунёдан келган математика бўйича энг билимдон болалар аниқланади. Юртимиз вакиллари ҳозирда мазкур мусобақаларга қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
Назокат Усмонова,
Алимурод Мамадаминов (сурат)
ЎзА